Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2022 йил тўққиз ойлик ижроси муҳокамаси давомида ЎзМТДП фракцияси раҳбари Алишер Қодиров давлат бюджетидан ажратилган, аммо ўзлаштирилмаётган маблағлар хусусида фикр билдирди:
— Турли соҳаларга давлат бюджетидан ажратилаётган маблағларни ўз вақтида ўзлаштириш борасида камчиликлар бор. Биргина ижтимоий соҳага давлат бюджетидан катта маблағлар йўналтирилмоқда. Масалан, ижтимоий соҳага ажратилган давлат бюджетининг 40 фоизи таълим йўналишига ажратилмоқда. Аммо йўналтирилган маблағлар ўз вақтида ўзлаштирилмаяпти.
Бундан ташқари, аҳолини уй-жой билан таъминлаш мақсадларига 668 миллиард сўм маблағ ажратилган. Аммо бор-йўғи 30 фоизи ўзлаштирилган. Бу борада жойларга чиққанимизда аён бўляптики, давлат аҳолининг эҳтиёжидан келиб чиқиб, уй-жой учун пул ажратяпти, лекин уни ўзлаштиришда сансалорлик, бюракратия ёки ҳисоб-китобларни нотўғри қилиш ҳолатлари мавжуд. Давлат уй-жой учун пул беряпти, лекин уни олиш учун имконият жуда паст. Натижада ажратилган пуллар маълум муддат ўтиб яна қайтариб юбориляпти.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА