Алишер Пак жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритди
Пойтахтимизда таэквондо WT бўйича ёшлар ўртасидаги XV Жаҳон чемпионати қизғин беллашувларга бой ўтмоқда. Мусобақанинг дастлабки куниёқ Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига илк медаль қўшилди.
Гап шундаки, +78 кг. вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Алишер Пак финалга қадар ўтган барча беллашувларда ғалаба қозониб, кумуш медалга сазовор бўлди. Ушбу вазндаги олтин медаль Корея Республикаси вакили Ём Симокга насиб этган бўлса, Муҳаммад Дар Али (Иордания) ва Петрос Жаннохидис (Греция) бронза медаль билан тақдирланди.
Шунингдек, чемпионатнинг илк кунида бир қатор вазнларда ғолиб ва совриндорлар аниқланди.

13 апрель кунги беллашувларда қизлар орасида -55, йигитлар ўртасида -48 ва -55 килограмм вазн тоифаларида таэквондочилар даянга чиқади. Унда уч нафар вакилимиз мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади.
Жумладан, Азизбек Сатторов (-55 кг) беллашувларни 1/16 финал босқичидан бошлайди. Унинг илк рақиби Греция вакили Панайотис Дуклиас ҳамда Тожикистон спортчиси Абдужафари Баходур ўртасидаги жанг ғолиби бўлади. Шунингдек, Ёсинбек Одилов (-48 кг) 1/32 финалда Тунис вакили Муҳамед Яс Нефзига қарши татамига чиқса, қизлар ўртасида -55 кг. вазн тоифасида иштирок этадиган Рушанахон Равшанова жаҳон чемпионатидаги илк баҳсини польшалик Ева Мурзинга қарши ўтказади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА