Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан шоирнинг “Бадойиъ ул-бидоя” девони факсимил нашри чоп этилди. Нашр Алишер Навоий ҳаётлик чоғида – 889-ҳижрий (1484/85) йилда хаттот Султонали Машҳадий томонидан кўчирилган қўлёзма асосида тайёрланган бўлиб, Истанбул шаҳридаги Сулаймония кутубхонасида 3981-рақам остида сақланади.
Илмий изланишлар натижасида мазкур нусханинг аввал айрим манбаларда бошқа девон сифатида қайд этилгани аниқланиб, матн таркибига кўра у айнан “Бадойиъ ул-бидоя” экани асослаб берилди ва шу тариқа Алишер Навоий ҳаётлиги даврида кўчирилган ҳозирча маълум бўлган олтинчи қўлёзма сифатида илмий муомалага киритилган.
“Тавфиқнашр” нашриётида чоп этилган китоб Афтондил Эркинов, Аширбек Мўминов томонидан ўзбек, инглиз ва рус тилларида тайёрланган илмий маълумотлар билан таъминланган. Бу эса халқаро илмий доира вакиллари учун ҳам муносиб манба вазифасини бажаради.
Унинг таркиби иккита сўзбоши, кириш мақола, факсимил матн ва илмий иловалардан иборат. Биринчи сўзбоши Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни илмий-тадқиқ этиш бўлими бош мутахассиси, фалсафа фанлари доктори, профессор Роиқ Баҳодировга тегишли. Мазкур сўзбошида қўлёзманинг қандай шаклда қўлга киритилганлиги, унга асос бўлган расмий ҳужжатлар ҳақида келтирилган.
Иккинчи сўзбошини Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқотлари маркази директори, профессор, доктор Маҳмуд Эрол Қилич ёзган. Нашрга асос бўлган қўлёзма факсимилеси Ўзбекистон ва Туркия ташкилотлари ҳамкорлигида амалга оширилди.
Унга Исломшунослик академияси профессори, филология фанлари доктори Афтондил Эркинов ҳамда тарих фанлари доктори Аширбек Мўминовлар томонидан кириш мақола ёзилган. Китобда “Бадойиъ ул-бидоя”нинг фанга маълум нусхалари, уларнинг аниқланиш тарихи, ушбу нусханинг таркибий хусусиятлари, девонга кирган жанрлар ва шеърлар сони ҳақида маълумот берилган. Илмий иловаларда ғазалларнинг бошлама байтлари ва ҳар бир ғазалнинг байтлар сонини кўрсатувчи жадвал ҳам жой олган. Илмий иловалар филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Ойсара Мадалиева томонидан тузилган.
Мазкур факсимил нашр Алишер Навоий матнларини асл манба асосида ўрганиш имконини бериши билан бирга, навоийшуносликда қўлёзмаларни серияли тарзда факсимил нашр этиш заруратини яна бир бор кун тартибига чиқаради. Бу йўналишдаги ишлар Порсохон Шамсиев ва Ҳамид Сулаймонов томонидан асос солинган матншунослик анъанасининг мантиқий давоми бўлиб, ҳозирги навоийшунослик контекстида ишончли манбалар базасини кенгайтириш, матн тадқиқотларини мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан ўта муҳим ҳисобланади.
Акром МАЛИКОВ,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD),
Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти илмий ходими.
ЎзА