Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадасини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадасини ташкил этиш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ:
Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадасини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом;
Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадасини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ташкилий қўмита тасдиқланди.
Қуйидагилар Ташкилий қўмитанинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
халқаро олимпиадани ташкил этиш ишларини мувофиқлаштириш;
халқаро олимпиаданинг дастури ва логотипини ишлаб чиқиш ҳамда ғолибларга бериладиган медаллар эскизини тасдиқлаш;
халқаро олимпиадани ташкил этиш ва ўтказиш бўйича харажатлар сметасини тасдиқлаш;
халқаро олимпиада ўтказиладиган жой, иштирокчиларни рўйхатга олиш ва халқаро олимпиадани ўтказиш муддатларини белгилаш;
маҳаллий ва халқаро экспертларни шартнома асосида жалб этган ҳолда, халқаро олимпиаданинг Ҳакамлар ҳайъати ва апелляция комиссияси таркибини тасдиқлаш;
халқаро олимпиадани ўтказишга тайёргарлик кўриш бўйича барча масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигининг Фан олимпиадалари маркази Ташкилий қўмитанинг ишчи органи ҳисобланади.
Халқаро олимпиадада 14-18 ёшдаги чет элда истиқомат қиладиган ватандошлар иштирок этади.
Халқаро олимпиадада иштирок этадиган хорижий иштирокчилар ва жамоа раҳбарларини кутиб олиш, меҳмонхонага жойлаштириш, овқатлантириш, шаҳарда ҳаракатланиш учун транспорт воситаларидан фойдаланиш, экскурсиялар ташкил этиш, халқаро олимпиада иштирокчилари ва ғолибларига бериладиган сертификатлар, медаллар ва дипломлар, эсдалик совғаларини тайёрлаш билан боғлиқ харажатлар “Ватандошлар” жамоат фонди, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
Халқаро олимпиада ҳар йили октябрь ойига қадар ўтказилади ҳамда ғолиблар тантанали тарзда тақдирланади.
Мазкур Низом Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадасини ташкил этиш, ўтказиш ҳамда ғолибларни тақдирлаш тартибини белгилайди.
Маълумот ўрнида, олдинроқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 20 октябрдаги ПҚ-308-сон қарорига мувофиқ:
Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадасини ҳар йили ўтказиб бориш;
халқаро олимпиада ғолибларини республика олий таълим ташкилотларининг “Филология ва тилларни ўқитиш:
ўзбек тили ва адабиёти” таълим йўналишига умумий қабул квотасидан ташқари давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш белгиланган эди.
ЎзА