Мажбурий ижро бюроси Андижон вилоят бошқармаси, унинг туман ва шаҳар бўлимлари томонидан алимент билан боғлиқ ижро ҳужжатлари ижросини таъминлаш, вояга етмаганлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида зарур ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, алимент пулларини ундириш билан бирга, иш билан банд бўлмаган, ишсизлик туфайли алимент бўйича қарзларини тўлашга қийналаётган оталар бандлигини таъминлашга ҳам кўмаклашмоқда.

Бюронинг Андижон шаҳар бўлими ташаббуси билан ташкил этилган “Меҳнат ярмаркаси”га суд томонидан алимент тўлаш мажбурияти юклатилган ишсиз оталар ҳам жалб этилди.

Андижон шаҳридаги 30 дан ортиқ корхона, ташкилот ва муассаса 250 дан зиёд бўш иш ўрни билан қатнашган ярмаркада 42 нафар алимент тўловчи, ишсиз ота ишга жойлашган бўлса, 15 нафарига ишга жойлашиш учун йўлланма берилди. Бир гуруҳ алиментчи оталарнинг Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан ишсиз сифатида рўйхатга олинишига кўмаклашилди.

Оила – муқаддас гўша. Уни асраб-авайлаш, фарзандларимизни тарбиялаб, камолга етказиш ҳар бир инсон зиммасидаги улкан масъулият. Минг афсуски, турли сабаблар туфайли ажрашиб, лекин масъулиятни ҳис этмасдан, қолаверса, ишсизлиги боис фарзандлари таъминоти учун алимент пулларини тўламай юрган оталарга ана шу тарзда ёрдам кўрсатилмоқда.
Ф.Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари.