Мажбурий ижро бюросининг Қувасой шаҳар бўлими иш юритувида фуқаролик ишлари бўйича Когон туманлараро судининг қарорига кўра, қарздор Р.Б.дан ундирувчи Н.Б. фойдасига икки нафар фарзандларининг моддий таъминоти учун алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати мавжуд бўлиб, қарздор алиментдан бўлган қарзларини тўламай келаётган эди.
Бюро ходимлари томонидан қарздорга алимент тўлашдан бўйин товлашлик муқаррар жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлиги тушунтирилган ҳолда огоҳлантириш берилди.
Қарздор ва ундирувчининг ўзаро келишувига асосан қарздор Р.Б. вояга етмаган 2 нафар фарзандларининг моддий таъминоти учун уларни 18 ёшга тўлгунига қадар тўлаши лозим бўлган 65 миллион 227 минг сўм алимент маблағлари ўрнига Бухоро вилояти Когон шаҳридан хонадон сотиб олиб берди. Собиқ турмуш ўртоғи ундирувчи Н.Б. номига нотариус орқали расмийлаштириб топширди ва ижро ҳужжати амалда тамомланди.
Мажбурий ижро бюроси органларида жорий йилнинг 21 февралидан 21 мартга қадар «Алимент ундируви ойлиги» эълон қилинган.
М. Сулаймонов, ЎзА