Техника созлиги – жанговар шайлик гарови
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларнинг доимо шай ҳолатда бўлиши қўшинларнинг ишончли ва самарали фаолиятини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ тасарруфидаги ҳарбий қисм ва муассасаларда қурол-аслаҳа ҳамда ҳарбий техникаларга мавсумий техник хизмат кўрсатиш бўйича кўргазмали-амалий машғулот ўтказилди. Унда ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларни куз-қиш мавсумининг ўзига хос шароитларига тайёрлаш, уларнинг техник созлиги ва доимий шайлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
[gallery-31759]
Тадбирда сўз олган округ қўмондони ўринбосари мавсумий техник хизматни белгиланган муддатларда ва сифатли ташкил этиш, техникадан фойдаланиш жараёнида хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш муҳимлигини таъкидлади.
Машғулотнинг амалий қисмида ҳарбий техника ва жиҳозларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш жараёнида бажариладиган асосий ишлар намойиш этилди. Ўқув нуқталарида техник воситаларнинг созлигини текшириш, эҳтимолий носозликларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, шунингдек, хавфсизлик талабларига риоя қилиш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Ҳарбий хизматчиларга техник воситаларнинг ҳолатини мунтазам назорат қилиш, аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш ҳамда техникадан хавфсиз ва тўғри фойдаланиш юзасидан зарур кўрсатмалар берилди.
Якунда мавсумий техник хизматни сифатли ташкил этиш, ҳарбий хизматчиларнинг амалий кўникмаларини янада мустаҳкамлаш ва техник воситаларнинг доимий шайлигини таъминлаш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА