Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизмати раҳбарлари учун малака ошириш курслари ташкил этилди.
18-27 ноябрь кунлари 32 идора ва ташкилот ахборот хизматлари раҳбарлари билим ва малакасини оширди. Тренинг шаклида ўтказилган машғулотларда маҳаллий ва глобал миқёсдаги воқеликлар, уларнинг оммавий ахборот воситаларида ёритилиши, бунда ахборот хизматларининг роли каби мавзуларда мулоқотлар олиб борилди. Жамиятда кечаётган жараёнлар, учраётган муаммолар биргаликда таҳлил этилди.
Малака ошириш курсини муваффақиятли тугатган иштирокчиларга Академиянинг махсус сертификатлари топширилди.
[gallery-20578]
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Давлат бошқаруви академияси биринчи проректори Худойқул Азизов ҳамда АОКА директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджонов илк бора ташкил қилинган мазкур матбуот котиблари малакасини ошириш курсларидан кўзланган мақсад – мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказишда вазирлик ва идораларнинг ахборот билан ишловчи мутахассислари билим ва салоҳиятини юксалтиришдан иборат эканлигини таъкидлади.
Академия профессор-ўқитувчилари ўтган вақт мобайнида матбуот котибларига замонавий билимлар билан бирга музокаралар олиб бориш, инқирозли вазиятлар, стресс ҳамда руҳий зўриқиш шароитларида ҳам хатосиз, тезкор равишда ўз фаолиятини замонавий услубда ташкил қила олиш кўникмаларини етказишга алоҳида аҳамият қаратди.
Айниқса, ахборот хавфсизлиги, фактчекинг мавзусидаги машғулотлар тингловчиларда катта қизиқиш уйғотиб, реал ҳаётда ўзлари дуч келган масалалар ва уларнинг ечимлари бўйича ўзаро фикр алмашилгани муҳим аҳамият касб этди.
Ўқув дастурларида ахборот хизматлари раҳбарлари уч йўналишда – сиёсат-иқтисодиёт, халқаро муносабатлар, интеграция жараёнлари; ахборот билан ишлаш; бошқарув, шахсий компетенцияни ривожлантириш бўйича малака ва билимларини такомиллаштирди.
Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА