Академик лицейларга кириш имтиҳонлари: рухсатномаларни олиш бошланди
Академик лицейларда таҳсил олишни мақсад қилган минглаб ўқувчилар учун қабул жараёнининг муҳим босқичларидан бири тест синовларида иштирок этиш учун рухсатномани олишдир.
Абитуриентлар ўз вақтида рухсатномани юклаб олиши ёки таълим муассасасидан қабул қилиб олиши ҳамда имтиҳон куни белгиланган талабларга амал қилиши зарур.
2026/2027 ўқув йили учун академик лицейларга ҳужжат топширган абитуриентлар тест синовларида иштирок этиш учун рухсатномаларни олишлари мумкин.
Рухсатномани қуйидаги усуллар орқали олиш мумкин:
my.edu.uz ва my.gov.uz платформаларида шахсий кабинетга логин ва парол орқали кириб юклаб олиш;
ҳужжат топширилган академик лицейга бевосита мурожаат қилиб олиш.
Абитуриентлардан тест синови ўтказиладиган ҳудудга рухсатномада кўрсатилган вақтдан камида 1,5 соат олдин етиб келиш сўралмоқда.
Имтиҳонга келаётганда қуйидаги ҳужжатларни ўзи билан олиб келиш мажбурий:
шахсни тасдиқловчи ҳужжат (туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ёки паспорт);
тест синовида иштирок этиш учун рухсатнома.
Тест синови ўтказиладиган манзил ҳар бир абитуриентнинг рухсатномасида алоҳида кўрсатилган бўлади.
Шунингдек, абитуриентлар имтиҳонларга пухта тайёргарлик кўриш учун фанлар мажмуаси, тест топшириқлари сони, баҳолаш мезонлари ҳамда IQ синовларига оид тавсия этилган адабиётлар рўйхати билан олдиндан танишиб чиқишлари тавсия этилади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, имтиҳонга эртароқ етиб келиш ва барча ҳужжатларни олдиндан тайёрлаб қўйиш ортиқча ҳаяжоннинг олдини олиб, тест жараёнида эътиборни тўлиқ саволларга қаратиш имконини беради.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА