Аҳолининг ҳар бир мурожаати назоратда
Бухоро вилояти Ғиждувон туманида депутатнинг жойлардаги ўрганишлари аҳоли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, долзарб муаммоларга амалий ечим топиш ва ёшлар учун муносиб шароит яратишга қаратилди.
Бугун одамларнинг розилиги, уларнинг кундалик ҳаётидаги муаммоларни эшитиш ва жойида ҳал этиш давлат сиёсатидаги энг муҳим мезонлардан бирига айланмоқда. Давлат раҳбари томонидан илгари сурилаётган «Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак» деган эзгу тамойил ҳам ана шу мақсадга хизмат қилмоқда.
Айниқса, “Ташаббусли бюджет” тизимининг йўлга қўйилгани фуқароларга ўз маҳалласи, кўчаси ва ҳудудидаги энг долзарб муаммоларни мустақил равишда илгари суриш, уларни ҳал этишда бевосита иштирок этиш имконини берди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Маҳсуд Муҳаммедовнинг Ғиждувон туманидаги ўрганишлари ҳам ана шу эзгу мақсаднинг амалий ифодаси бўлди.
Депутат туман ҳокимлиги масъуллари билан ҳамкорликда “Ташаббусли бюджет” жараёнида етарли овоз тўплай олмаган, аммо ижтимоий аҳамияти юқори бўлган лойиҳаларни жойига чиққан ҳолда ўрганди.

Хусусан, “Гулистонобод” маҳалласида аҳоли томонидан кўча чироқларини ўрнатиш ва мавжудларини таъмирлаш бўйича илгари сурилган ташаббус атрофлича кўриб чиқилди. Кечаси кўчаларнинг ёритилиши нафақат аҳолига қулайлик яратиши, балки ҳудуд хавфсизлиги, айниқса, ёшлар ва кекса фуқароларнинг эркин ҳаракатланиши учун ҳам муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
“Қўрғон” маҳалласида эса ички йўллар, пиёдалар йўлаклари ва йўл ўтказгичларни таъмирлаш бўйича билдирилган ташаббуслар ўрганилди. Бу ердаги ҳолат аҳолининг кундалик ҳаётига бевосита таъсир қилаётгани, айрим инфратузилма муаммолари эса тизимли ёндашувни талаб қилиши таҳлил қилинди.
Ўрганишлар давомида ҳар бир лойиҳанинг ҳудуд учун долзарблиги, аҳоли турмушига таъсири, муаммонинг кўлами ва уни ҳал этиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Депутатнинг навбатдаги манзили Ғиждувон туманидаги 67-сон умумий ўрта таълим мактаби бўлди.
Бу ерда таълим муассасасидаги спорт инфратузилмасининг ҳолати, ўқувчи-ёшларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун яратилган шароитлар ҳамда мавжуд эҳтиёжлар ўрганилди.

Мактаб жамоаси билан мулоқотда югуриш йўлакчаси, замонавий стадион, баскетбол майдончаси ва бошқа спорт иншоотларига эҳтиёж борлиги маълум қилинди.
Бир қарашда бу оддий инфратузилма масаласидек туюлиши мумкин. Аммо мазкур мактаб тарихи билан танишилганда масаланинг моҳияти янада яққол намоён бўлади.
“Ташаббусли бюджет”нинг 2026 йилги иккинчи мавсумида мазкур ташаббус ҳам илгари сурилган. Лойиҳа етарли овоз тўплай олмагани сабабли ғолиблар қаторига кирмаган бўлса-да, унинг ижтимоий аҳамияти ва ёшлар учун яратадиган имкониятлари инобатга олиниб, депутат томонидан жойида ўрганилди.
Мулоқотда туман ҳокимлиги масъуллари, тегишли ташкилотлар мутасаддилари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, жамоатчилик вакиллари ҳамда фуқаролар иштирок этди.
Учрашувда аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларнинг мазмуни, уларнинг қайси соҳаларга тааллуқли экани, муаммоларнинг келиб чиқиш сабаблари ва уларни бартараф этиш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди.

Эътиборли жиҳати, мулоқот шунчаки мурожаатларни эшитиш билан чекланмади. Ҳар бир масала бўйича масъулларни белгилаш, муаммоларни ҳал этиш муддатларини аниқлаш ва келгусидаги ишларни тизимли ташкил этишга алоҳида урғу берилди.
Ғиждувондаги мазкур ўрганишлар “Ташаббусли бюджет”нинг мазмун-моҳияти фақат овоз бериш жараёни билан чекланмаслигини яна бир бор кўрсатди. Асосий мақсад — аҳоли томонидан билдирилган таклифларни эшитиш, уларнинг энг муҳимларини саралаш ва имконият даражасида амалий ечим топишдир.
Ўрганишлар якунлари бўйича аниқланган муаммолар юзасидан тегишли таклифлар ишлаб чиқилиб, уларни белгиланган тартибда ҳал этиш чоралари кўрилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири