Спорт вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрами арафасида аҳолининг жисмоний фаоллик даражасини баҳолаш мақсадида спорт синовлари қабул қилинади.
Бунда дастлаб, 208 та туман ва шаҳардаги тегишли 624 нафар масъул ходим учун август ойида 3 кунлик ўқув-семинарлар ташкил этилади, каскад услубида 9 минг 452 та маҳаллада тарғибот ишлари амалга оширилади.
Шунингдек, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ҳар бир маҳалла кесимида спорт синовларини қабул қилиш бўйича аниқ локациялар белгиланади. Ихтиёрий ва махсус талабларни бажариш тартиби, қоидалари ҳамда техникасига оид маълумотлар тўғрисида қўлланмалар ишлаб чиқилиб, жойларга етказиб берилади.
Шахсий намуна бўлиб, маҳалла раислари ва хотин-қизлар фаоллари спорт синовларини топширади. Кейинчалик бу ташаббусни маҳалла аҳолиси ва кенг жамоатчилик вакиллари қўллаб-қувватлаб, давом эттириши кутилмоқда.
Аҳолидан спорт синовларини қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш ва ўтказиш юзасидан Республика штаби фаолияти йўлга қўйилади.
Қайд этилишича, спорт синовларининг мақсади аҳолининг барча қатламлари ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш орқали уларнинг жисмоний қобилияти ва ҳаракат фаоллигини такомиллаштириш, меҳнатга лаёқатини ошириш, зарарли одатлар ҳамда турли касалликларнинг олдини олиш ва соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантиришдан иборат. Спорт синовлари – ихтиёрий ва махсус талаблардан иборат бўлиб, эркаклар ва аёллар учун алоҳида ҳамда ёш гуруҳлари бўйича йилига бир марта январь-декабрь ойларида ўтказилади.
Спорт синовларининг ихтиёрий талабини топширганлар (фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари билан), махсус талабларни бажарганлар I, II ва III даражали “Жисмоний тайёргарлик даражаси” кўкрак нишонлари ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Шунингдек, бир йил мобайнида белгиланган имтиёзлардан фойдаланиши мумкин.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА