Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Аҳоли ва тиббиёт ташкилотларининг сифатли дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар билан таъминланганлик даражасини ошириш, соҳада таъсирчан жамоатчилик назоратини олиб бориш учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, 2022 йил 18 март куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан “Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун” мавзусидаги очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида:
1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2023 йил 1 январдан бошлаб:
а) 1-иловага мувофиқ рўйхатда белгиланган дори воситаларидан ташқари барча янги дори воситалари:
клиник тадқиқотларнинг ижобий натижаси асосида давлат рўйхатидан ўтказилади. Бунда, алоҳида дори воситаларини клиник тадқиқотларсиз давлат рўйхатидан ўтказиш Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади;
жойига чиққан ҳолда ишлаб чиқариш шароитларининг “Зарур ишлаб чиқариш амалиёти – GMP” талабларига мувофиқлиги ўрганилганидан сўнг Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтказилади;
б) қуйидагилар бекор қилинади:
рецептсиз бериладиган дори воситаларининг рўйхатини Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқлаш. Бунда, дори воситаларининг рецепт бўйича ва рецептсиз берилиши уларнинг тиббиётда қўлланилишига доир йўриқномаларда белгиланган тартибда амалга оширилади;
дори моддаларини (субстанцияларни) давлат рўйхатидан ўтказиш;
Ўзбекистон Республикасидан ташқарида амалга оширилган дори воситаларининг рўйхатдан ўтказиш натижаларини тан олишда стандарт намуналарини талаб этиш;
в) Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали молиялаштириладиган республика даражасидаги давлат стационар тиббиёт муассасаларида (кейинги ўринларда – шифохоналар) беморларни дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш шифохона орқали амалга оширилади. Бунда, алоҳида ҳолатларда шифохонада беморлар томонидан олиб келинган дори воситалар ва тиббий буюмларни ишлатишга рухсат бериш тартиби Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.
2. Белгилаб қўйилсинки:
а) беморларни шифохонада дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш:
дастлаб республика даражасидаги шифохоналарда 2023 йил давомида тажриба-синов тариқасида амалга оширилади;
уларга харажатлар сметаси бўйича ажратилиши кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан кафолатланган тиббий хизматлар ва дори воситалари пакети доирасида харид қилинадиган дори воситалари ва тиббий буюмлар бепул, қолган ҳолларда пуллик асосда шифохонага кирим қилинган нархларда амалга оширилади. Бунда, шифохона томонидан харид қилинадиган дори воситаларининг нархи белгиланган улгуржи референт нархларидан юқори бўлмаслиги лозим;
б) 2023 йил 1 июлдан бошлаб референт нархлари қайд этилмаган ёки қайд этилган нархдан юқори бўлган дори воситаларини сертификатлаштириш тақиқланади.
3. Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2022 йил якунига қадар:
а) 2025 йил 1 январгача бўлган муддатда давлат рўйхатидан ўтказмасдан мажбурий сертификатлаштириш шарти билан тиббиёт амалиётида қўллаш ва киритишга рухсат бериладиган, Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтказилган аналоглари мавжуд бўлмаган дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхатини тасдиқласин. Бунда, мазкур дори воситалари ва тиббий буюмлар уларнинг Ўзбекистон Республикасида аналоглари давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб уч ой муддатда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхатдан чиқарилиши лозим;
б) беморларни даволаш учун талаб этиладиган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг тўлиқ шифохона томонидан харид қилинишини инобатга олиб:
шифохоналарда дори воситалари ва тиббий буюмлар хариди бўйича мутахассис лавозими жорий этилишини;
шифохоналар томонидан бирламчи зарур бўладиган захиранинг Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан шакллантирилишини таъминласин;
в) Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан харид қилинган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг кунлик қолдиғи ҳамда нархлари манбалар кесимида шифохоналарнинг расмий веб-сайтларида жойлаштирилишини ҳамда мунтазам янгилаб борилишини таъминласин.
4. Шифохоналар томонидан дори воситалари ва тиббий буюмларнинг хариди учун тўловлар бюджет тизими бюджетлари харажатлари таснифининг I гуруҳ харажатлари учун белгиланган муддатларда ҳам амалга оширилишига рухсат берилсин.
Молия вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ шифохоналарни дори воситалари ва тиббий буюмлар билан узлуксиз таъминлаш учун талаб этиладиган зарур маблағлар ҳар йили Давлат бюджети параметрларида кўзда тутилишини таъминласин.
5. Белгилансинки, дори воситаларининг чакана савдосида жамоатчилик назоратини жорий этиш мақсадида 2023 йил 1 майдан бошлаб:
жисмоний шахслар томонидан сотиб олинган дори воситалари учун дорихоналар томонидан тақдим этиладиган харид чекининг фискал белгиси матрицали штрих код (QR-код) ёрдамида сканерлаш орқали солиқ органларининг махсус мобил иловасида рўйхатдан ўтказилганда дори воситалари нархлари Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг ахборот тизимидаги дори воситаларининг чакана референт нархлари билан автоматик тарзда солиштирилади;
матрицали штрих код (QR-код) ёрдамида сканерлаш натижасида дори воситаларининг чакана нархларига белгиланган устамалар ошириб қўлланилганлиги аниқланган тақдирда, тегишли чора кўриш учун бу ҳақида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун махсус ваколат берилган давлат органига автоматик равишда хабар юборилади;
харид чеки бўйича нарх дори воситасининг чакана референт нархидан ортиқ деб топилганда, ушбу маълумот асосида ўтказилган текшириш якунига кўра ҳуқуқбузардан белгиланган тартибда жарима ундирилади.
Бунда, харид чекида сотиб олинган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг тўлиқ миқдорда кўрсатилмаслиги савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидалари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш сифатида эътироф этилади.
6. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги 2023 йил 1 мартга қадар агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан дори воситаларининг ишлаб чиқарилишидан бошлаб уларнинг истеъмоли натижасигача бўлган жараёнларни назарда тутувчи Фармацевтика маҳсулотлари ҳисоби ва назорати ахборот тизимини жорий этсин.
Манфаатдор вазирлик ва идоралар 2-иловага мувофиқ тасдиқланган маълумотларнинг Фармацевтика маҳсулотлари ҳисоби ва назорати ахборот тизимига интеграция қилинишини таъминласин.
7. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда:
2022 йил якунига қадар биологик фаол қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказишда уларнинг хавфсизлиги ва таркибини назоратдан ўтказиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;
2023 йил 1 июнга қадар Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтказилган дори воситаларининг тиббиётда қўлланилишига доир йўриқнома ҳамда биологик фаол қўшимчаларнинг электрон каталогини ишлаб чиқсин ва ўзларининг расмий сайтларига жойлаштирсин.
8. Ҳисоб палатаси Бош прокуратура билан биргаликда мазкур қарорда белгиланган вазифаларнинг тўлиқ ва сифатли ижро этилиши юзасидан доимий назорат ўрнатсин ҳамда ҳар ярим йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб борсин.
9. Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
бир ой муддатда биологик фаол қўшимчалар, озиқ-овқат қўшимчалари, биологик воситалар ва материалларни четдан келтириш ҳамда ишлаб чиқаришга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали рухсатнома бериш тартибини назарда тутувчи қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
икки ой муддатда “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги ва “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунларига Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан рецептсиз бериладиган дори воситаларининг рўйхатини тасдиқлаш ҳамда дори моддаларини (субстанцияларни) давлат рўйхатидан ўтказишни назарда тутувчи нормани бекор қилиш юзасидан ўзгартиришлар киритишга доир қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
уч ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
10. Аҳолини сифатли дори воситалари билан таъминлаш юзасидан чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига 4-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
12. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб соғлиқни сақлаш вазири Б.А.Мусаев белгилансин.
Қарор ижросини назорат қилиш ва ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Л.Н.Туйчиев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2022 йил 26 октябрь