Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашда “ижтимоий карта” тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, ижтимоий картани муомалага чиқариш ва фойдаланиш учун тақдим этиш молиявий агент вазифасини бажарувчи Ўзбекистон Республикасининг резидент тижорат банклари томонидан амалга оширилади.
Барча фуқаролар учун дастлаб электрон ижтимоий карта муомалага чиқарилади ва фойдаланиш учун тақдим этилади.
Банк картаси шаклидаги ижтимоий карта фуқароларнинг хоҳишига кўра муомалага чиқарилади ва фойдаланиш учун тақдим этилади.
Ижтимоий картани муомалага чиқариш ва фойдаланиш учун тақдим этиш бўйича аризалар:
Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали;
“Ижтимоий карта” мобил иловаси; “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ҳамда алоҳида ҳолларда ижтимоий ходимлар;
молиявий аген орқали тақдим этилади.
Ижтимоий карта барча фуқароларга мобил илова орқали реал вақт режимида бепул асосда муомалага чиқарилади ва фойдаланиш учун тақдим этилади.
2025 йил 1 январдан бошлаб “Ижтимоий карта” АТ ва мобил иловани техник қўллаб-қувватлаш ижтимоий карта бўйича тўлов хизматларини кўрсатувчи тўлов ташкилотининг туну-кун фаолият кўрсатадиган техник хизмати томонидан амалга оширилади.
2025 йил 1 февралдан бошлаб ижтимоий картани муомалага чиқариш ва фойдаланиш учун тақдим этиш масалалари бўйича Агентликнинг ахборот-маълумотнома хизматларини кўрсатувчи “1070” қисқа рақамли ва туну-кун фаолият кўрсатадиган хизмати фаолияти тест режимида йўлга қўйилади.
2025 йил 1 октябрдан бошлаб “Рақамли ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали фойдаланувчиларни идентификация қилиш тизими доирасида “Ижтимоий карта” АТнинг идентификация қилиш тизими жорий этилади.
Қарорга мувофиқ, фуқаролар ўз хоҳишига кўра керакли ҳужжатни қоғоз шаклида ёки мобил илова орқали рақамли шаклда тақдим этиш ҳуқуқига эга.
2025 йил 1 январдаи бошлаб янги тайинланган ижтимоий тўловлар ижтимоий карта орқали тўланганда, олувчининг илгари тайинланган бошқа ижтимоий тўловлари ҳам ижтимоий карта орқали тўлаб берилади.
2025 йил 1 апрелдан бошлаб ижтимоий карта транспорт картаси, шу жумладан, жамоат транспорти учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган шаҳар йўналишлари бўйича тариф режаларидан фойдаланган ҳолда имтиёзли транспорт картаси вазифасини бажаради.
2027 йил 1 январдаи бошлаб ижтимоий тўловлар фуқароларнинг фақатгина ижтимоий карталарига ўтказилади.
ЎзА