“Долзарб бир ойлик” доирасида ОКМК раҳбарияти бириктирилган Ўрта Чирчиқ туманида ҳомийлик йўли билан “Қайтмас” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида сув минорасида демонтаж ва монтаж ишлари бажарилмоқда.
Миноранинг пойдеворини бетонлаштириш, ичимлик сувини узатиш учун диаметри 100 миллиметр бўлган қувурлар ётқизилмоқда. Шунингдек, сув минораси ёнига катта кучланишли трансформатор ўрнатилади. Ушбу трансформаторга ток олиб келиш учун устунлар ўрнатиш ишлари бошланган. Шу билан бирга “Файзиобод” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 1 минг 200 метр ички йўлларга асфальт ётқизиш ишлари давом этмоқда.


Туман ҳокимлиги ҳамда ОКМК масъуллари “Уйғур” МФЙда аҳолининг томорқалардан фойдаланаётганини ҳам ўрганилди ва мутахассислар томонидан зарур тавсиялар берилди. Бундан ташқари, “Янгийўл” МФЙда ариқ-зовурларнинг бетонлаштирилгандан кейинги ҳолати кўздан кечирилди.


Ўз навбатида “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида Тошкент вилоятининг бошқа ҳудудларида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Тошкент туманидаги Оқтош маҳалласининг Беғубор ҳамда Мусаффо кўчаларидаги 250 та хонадон Наврўз байрами арафасида сув билан таъминланадиган бўлди. Бунинг учун пудратчи “Ekspers inerginner” MCHJ томонидан 3 та суғориш қудуғи ўрнатилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА