Аҳолини дори воситалари билан таъминлаш кўлами кенгаймоқда
Фармацевтика соҳаси аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларнинг олдини олиш ва самарали даволашни таъминлашда ҳал қилувчи ўрин тутади. Аҳолини сифатли ва хавфсиз дори воситалари билан узлуксиз таъминлаш соғлиқни сақлаш тизимининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда фармацевтика тармоғини ривожлантириш, аҳолини зарур дори-дармон воситалари билан қамраб олиш, айниқса чекка ҳудудларда хизматлар сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
2026 йил 1 март ҳолатига Ўзбекистон фармацевтика бозорида дори воситаларини улгуржи реализация қилиш ҳуқуқига эга 455 та ташкилот фаолият юритмоқда. Улар орасида "Дори-дармон" акциядорлик компанияси мамлакатдаги йирик таъминотчилардан бири сифатида ўз ўрнига эга. Компания тизимида бугунги кунда 1300 дан ортиқ ижтимоий дорихона ва дорихона шохобчалари фаолият юритиб, уларнинг 1143 таси ёки 87,6 фоизи қишлоқ ҳудудларида жойлашгани аҳолига тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Шунингдек, барча дорихоналар Зарур дорихона амалиёти — GPP талабларига тўлиқ жавоб беради.
Бу ҳақда пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида "Дори-дармон" акциядорлик компаниясининг 2025 йил фаолияти якунларига бағишланган матбуот анжуманида сўз юритилди. Шунингдек, компания фаолияти, эришилган натижалар ва истиқболдаги вазифалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Таъкидланишича, компания соғлиқни сақлаш тизимидаги муҳим таъминотчилардан бири сифатида 2025 йил давомида турли тоифадаги даволаш-профилактика муассасаларига катта ҳажмда дори воситалари етказиб берган. Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги муассасаларга 128,1 млрд. сўмлик, бошқа тиббиёт муассасаларига 47,8 млрд. сўмлик, хусусий секторга 20,5 млрд. сўмлик, ҳарбий тиббиёт муассасаларига 1,0 млрд. сўмлик ҳамда ички тизим бўйича 107,3 млрд. сўмлик маҳсулотлар етказилган. Шунингдек, қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларга 94,4 млрд. сўмлик дори воситалари ва тиббиёт буюмлари тақдим этилган.
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзли дори таъминоти ҳам изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 22 июлдаги тегишли қарорига мувофиқ 14 тоифадаги шахсларга 2025 йил давомида 396 121 та рецепт асосида 37 млрд. 202 млн. сўмлик дори воситалари ва тиббиёт буюмлари бепул берилган.
Соғлиқни сақлаш тизимида замонавий механизмларни жорий этиш доирасида реимбурсация дастури ҳам босқичма-босқич кенгаймоқда. Бугунги кунда компания тизимидаги 474 та дорихона ва дорихона шохобчасида мазкур дастур амал қилмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистон, Бухоро, Хоразм, Самарқанд, Навоий, Қашқадарё, Андижон ва Сурхондарё вилоятларида жойлашган дорихоналарда электрон рецепт асосида дори воситаларини олиш имконияти яратилган. Сирдарё вилоятидаги 47 та ва Тошкент шаҳридаги 44 та дорихона ҳам ушбу тизимга уланган. 2025 йил давомида мазкур дастур орқали 35 млрд. 950 млн. сўмлик дори воситалари беморларга бепул тақдим этилгани қайд этилди.
[gallery-28467]
Шу билан бирга, давлат-хусусий шериклик асосида янги дорихоналар ташкил этиш ишлари ҳам изчил давом эттирилмоқда. 2025 йилда аҳолини арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминлаш мақсадида поликлиника типидаги тиббиёт муассасаларида “Ижтимоий дорихона”ларни ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди. Жорий йил 24 март ҳолатига кўра, Қорақалпоғистон Республикасида 2 та, Наманган ва Хоразм вилоятларида 15 тадан, Навоийда 4 та, Сурхондарёда 3 та, Тошкент вилоятида 4 та, Бухорода 2 та, Қашқадарёда 1 та ҳамда Тошкент шаҳрида 4 та, жами 50 та янги дорихона ва дорихона шохобчалари ишга туширилган.
Компания томонидан аҳолига тақдим этилаётган дори воситалари ассортименти ҳам кенгайиб бормоқда. Айни пайтда ижтимоий аҳамиятга эга касалликларни даволашда қўлланиладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхатига жами 134 та ном, жумладан 128 та дори воситаси ва 6 та тиббий буюм киритилган.
Анжуманда рақамлаштириш жараёнларига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани айтилди. Таъкидланишича, компания дорихоналарида “М-Аптека плюс” дастури жорий этилган бўлиб, у дори воситаларининг ҳаракатини назорат қилиш, нарх-наво шаффофлигини таъминлаш ва инсон омилини камайтириш имконини бермоқда. Шунингдек, дори воситалари ва тиббий буюмларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизими жорий этилиб, ҳар бир маҳсулотнинг ишлаб чиқарувчидан истеъмолчигача бўлган йўлини кузатиш имконияти яратилган.
Компания маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликни кенгайтириб бормоқда. Хусусан, 2025 йилда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва дистрибьюторлардан 69 млрд. сўмлик, хорижий таъминотчилардан эса 22,3 млрд. сўмлик фармацевтика маҳсулотлари харид қилинган.
Ҳисобот даврида компаниянинг умумий товар айланмаси 557,4 млрд. сўмни ташкил этган бўлиб, шундан 307,9 млрд. сўм улгуржи, 249,5 млрд. сўм чакана савдо ҳиссасига тўғри келади.
Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш масаласи ҳам доимий эътиборда. 2025 йил давомида компанияга жами 7462 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг асосий қисми дори воситаларини топиш, харид қилишда кўмаклашиш, хайрия асосида дори ажратиш ҳамда янги дорихоналар ташкил этиш масалаларига оид бўлган. Барча мурожаатлар амалдаги қонунчилик талаблари асосида кўриб чиқилган.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, 2026 йилда ҳам компания олдида аҳолини сифатли дори воситалари билан таъминлашни янада яхшилаш, реимбурсация дастурини кенгайтириш, давлат-хусусий шериклик асосида янги дорихоналар очиш, рақамли тизимларни такомиллаштириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш каби муҳим вазифалар турибди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА