Аҳолини бепул тиббий таҳлиллар билан таъминлашга ҳаракат қилаётган лойиҳа нега тўсқинликка учрамоқда?
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумоти асосида оммавий ахборот воситаларида “Intermed innovation” масъулияти чекланган жамияти томонидан Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида жойлашган 3-сонли оилавий поликлиникада лицензиясиз тиббий фаолият олиб борилгани аниқлангани ҳақида хабарлар тарқалди.
Шундан сўнг мазкур жамиятга молиявий жарима белгиланиб, вазирликнинг бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалардан иборат қарори қабул қилинган. Аммо “Intermed innovation” ушбу талабларни бажармай, бошқа қатор манзилларда ҳам ўз ноқонуний фаолиятини лицензия олмасдан давом эттириб келган.

Хабарда, шунингдек, ССВ Тошкент туманлараро иқтисодий судига “Intermed innovation” масъулияти чекланган жамиятига тиббий фаолиятни амалга ошириш учун 2021 йил 18 февраль куни берилган 043023-сонли лицензияни бекор қилиш ва 90 миллион сўм жарима ундиришни сўраб ариза киритгани, 2023 йил 31 май куни суд бу талабларни қаноатлантириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилгани ва мазкур жамиятга тиббий фаолиятни амалга ошириш учун 2021 йил 18 февралда берилган лицензия расман бекор қилинган.
Бу хабарга “Intermed innovation” масъулияти чекланган жамияти муносабат билдириб, қуйидагиларни маълум қилди:
“Берилган ҳуқуқий рухсатномалар асосида ва уларни илова қилган ҳолда аҳоли ва манфаатдор шахслар учун батафсил тушунтиришлар беришни зарур, деб ҳисоблаймиз.
“Intermed innovation” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси 2021 йил сентабрь ойида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 1-33К сонли 10.02.2020 йилдаги Концессия шартномасига мувофиқ“Тошкент шаҳридаги Марказлаштирилган клиника диагностика лабораторияси” давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун оператор (кейини ўринларда Оператор) сифатида тайинланган.
ЛойиҳаТошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги 178та давлат поликлиникасининг лаборатория хизматини марказлаштиришни ва рақамлаштиришни назарда тутади.
Лойиҳа Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти поликлиникаларида аҳолига бепул ва хамёнбоп энг паст нархларда таҳлил қилиш имконини берадиган лаборатория-диагностика хизматини ислоҳ қилиш бўйича давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўлиб, ҳукумат ташаббуси билан тасдиқланган.
(Вазирлар Маҳкамасининг 17.08.2018 йилдаги 674-сон қарори, Президентимизнинг 26.01.2022 йилдаги 102-сон қарори. Лойиҳа Молия вазирлиги ҳузуридаги ДХШларни ривожлантириш агентлигида 27.10.2021 йилда DXSh/120-2021 сон билан расман рўйхатдан ўтган.)
Жамиятнинг оператор сифатида тайинланиши ва давлат поликлиникаларида ишлаш учун рухсатномалар бериш ССВ билан имзоланган Оператор шартномаси билан расмийлаштирилган.
Оператор шартномасининг иловасида лойиҳага бириктирилган ва лаборатория фаолиятини олиб боришига рухсат берувчи Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг барча 178 та давлат поликлиникаси, шу жумладан, Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги 3-сонли оилавий поликлиника рўйхатга киритилган.
Соғлиқни сақлаш вазирининг 24.09.2021 йилдаги 237-сонли “Давлат-хусусий шериклик асосида марказлаштирилган клиник диагностика лабораториясини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги буйруғи асосида ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирининг 01.07.2022 йилдаги 02-сонли “Тошкент ва Тошкент вилоятида бирламчи тиббий ёрдам лабораториялари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги буйруғи билан “Intermed innovation” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонасига 2022 йил биринчи чорагидан бошлаб лойиҳага бириктирилган барча Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги 178 та давлат поликлиникасида лаборатория фаолиятини бошлаш ва ишни жадаллаштириш бўйича топшириқ рухсатномалари берилган.
Бу Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғининг 01.08.2022 йилдаги 2-сон, Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг 01.08.2022 йилдаги 5а-сонли буйруғида ҳам акс этган.
Қонуний рухсатномаларга мувофиқ ҳамда мавжуд тиббий лицензияси асосида жамият давлат поликлиникаларида лаборатория фаолиятини 2022 йил февраль ойида расман бошлади. Лойиҳа бўйича қуйидаги инвестициялар киритилиб, шартнома мажбуриятлари муваффақиятли бажарилди:
Тошкент шаҳридаги Марказлаштирилган клиника диагностика лабораториясининг замонавий кўп қаватли биноси қурилди. Лаборатория соатига 3000 биоматериални таҳлил қилиш қувватига эга бўлиб, энг янги лаборатория линияси билан жиҳозланди;
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги барча поликлиникаларда аҳолига 239 турдаги таҳлилларни энг арзон нархларда етказиб бериш қувватига эга 178 та биоматериалларни қабул қилиш пункти ташкил этилди. Улар тиббий асбоб-ускуналар ва буюмлар, реактив материаллар, ташкилий ва компьютер ускуналари билан жиҳозланди;
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги 178 та поликлиника биринчи марта юқори тезликдаги GPON интернет тармоғи билан жиҳозланди. Электрон лаборатория ҳисоби ва ҳисоботи дастури (ЛИТ) ўрнатилган ҳолда барча топширилган таҳлиллар сонини ҳисобга олиш жараёни ҳамда уларни даволаш учун бирламчи чора-тадбирларни белгилаган ҳолда аҳоли касалликлари умумий статистикаси тизими яратилиши ва шаффофлик шакллантирилиши бўйича рақамлаштирилган тизим яратилди;
Поликлиникалар ҳамда биоматериалларни қабул қилиш пунктларига 364 нафар ходим ишга қабул қилинди. Уларни МИС ORIGO дастурида ишлаш, компьютернинг асосий кўникмалари, биоматериалдан тўғри намуна олиш техникаси ва вакуумли қон намуналарини олиш тизимлари билан ишлаш бўйича ўқитиш чоралари кўрилди;
2023 йилдан бошлаб вазирлик томонидан белгиланган Юнусобод ва Олмазор туманлари аҳолисига тасдиқланган пакетга кўра 24 хил таҳлил бепул кўрсатилди. (Агар бу таҳлиллар пуллик асосда бўлганида 250 миллион сўмга тенг бўлар эди).

“Intermed innovation” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси шартнома бўйича инвестиция мажбуриятини тўлиқ бажарганини қуйидаги ҳужжатлар ҳам тасдиқлайди:
2021 йил 24сентябрдаги Оператор ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги номидан амалдаги соғлиқни сақлаш вазири томонидан Концессия фаолияти объектини яратиш бўйича ишларни якунланганли тўғрисидаги имзоланган қўшма далолатнома;
2022 йил 6 августдаги Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигининг ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг ташриф буюрувчи комиссияси ва Оператор томонидан имзоланган Инвестор/Оператор томонидан Концессия фаолияти объектини молиялаштириш ва яратиш бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини тасдиқловчи қўшма далолатнома;
Соғлиқни сақлаш вазири томонидан тасдиқланган лойиҳа бўйича Оператор мажбуриятлари муваффақиятли бажарилганлигини тасдиқловчи Бошқарув қўмитасининг 25.09.2022 йилдаги 12-сонли баён;
Бирламчи тиббий ёрдам лаборатория хизматини ислоҳ қилиш ва такомиллаштиришни Оператор фақат хусусий инвестициялар ҳисобидан амалга оширган;
Шундай бўлса-да, барча бажарилган ишларга қарамай, ва Соғлиқни сақлаш вазирининг 2022 йил 27 декабрдаги 336-сон буйруғига асосан аҳолини бепул таҳлиллар билан таъминлашни кенгайтириш ва Оператор томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги барча поликлиникаларда 2023 йил 1 январдан бошлаб 24 хил бепул таҳлилни аҳолига тақдим этишни таъминланишини эътиборга олмасдан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг айрим мансабдор шахслари 2023 йил бошидан бошлаб ушбу лойиҳанинг Оператор томонидан амалга оширилишига фаол тўсқинлик қила бошладилар.
Шу муносабат билан Оператор томонидан вазирликка лойиҳа муаммолари, аҳолига бепул таҳлилларни ташкиллаштириш масалаларини муҳокама қилиш ва ҳал этиш учун икки томонлама учрашувларни ташкил этиш бўйича 6 та ёзма сўров юборилди.
Афсуски, барча мурожаатлар жавобсиз қолиб, эътиборга олинмади. Бу эса аслида “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун талабларига зиддир.
2023 йил бошидан буён лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритиш учун вазирликка борган вакилларимиз қабул қилинмади. Ваҳоланки, мақсадимиз аҳолини бепул таҳлиллар билан таъминлаш ва аҳоли манфаатлари билан боғлиқ.
Лойиҳага бириктирилган поликлиника шифокорларига 2023 йил 29 мартда лойиҳа доирасида беморларни бепул таҳлилларга юбориш бўйича тақиқловчи оғзаки кўрсатмалар берилган. Бу вазият эса соғлиқни сақлашни бошқариш тизими ходимларининг холислиги бўйича саволлар туғдиради, албатта.
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари У.Собировнинг 03.01.2023 йилдаги 33-05606-сон қарори билан Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги 3-сонли оилавий поликлиника манзили расмий хатолик сабабли Операторнинг ягона лицензиясига киритилмагани важ қилиниб, Оператор томонидан 2022 йилдан буён Соғлиқни сақлаш вазирлигига “Лицензия” тизими орқали бир неча бор сўралган ва унинг бажарилишига У.Собировнинг ўзи масъул бўлганига қарамай, лойиҳа Оператори “Intermed innovation” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонасига асоссиз равишда 90 миллион сўм миқдорида жарима солинган.
Яна бир бор таъкидламоқчимизки, қўлланган жарима лаборатория стандартлари ёки таҳлил олиш тиббий протоколлари бузилгани учун эмас, балки Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги 3-оилавий поликлиниканинг манзили лицензияга илова қилинмагани учун қўйилган.
Аслида эса бу поликлиника манзили 2021 йилдан бошлаб ДХШ лойиҳаси доирасида Соғлиқни сақлаш вазирининг 2021 йил 24 сентябрдаги 237-сон буйруғи, Соғлиқни сақлаш вазирининг 2022 йил 7 январдаги 02-сон буйруғи, Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг 01.08.2022 йилдаги 5а-сонли буйруғи, Концессия шартномаси ва Операторлик битими билан Лойиҳага бириктирилган ва унда ишлашга рухсат берилган.
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари У.Собиров ДХШ лойиҳаси бўйича рухсатномалар мавжудлигидан бехабар бўлиши мумкин эмас. Чунки поликлиникаларни тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш бўйича ишлар 2021 йилда, тўғридан-тўғри лаборатория фаолияти эса 2022 йилнинг февралида бошланган. Шундай бўлса-да, давлат поликлиникаларида фаолиятни олиб боришга ҳеч қандай эътироз ёки тақиқловчи ҳужжат Операторга келмаган. Акс ҳолда хусусий ташкилотнинг давлат поликлиникаларга ишлашига поликлиника Бош шифокорлари ҳам йўл қўймаган бўлар эди.
Шундан сўнг Оператор бундай асоссиз жаримани ихтиёрий равишда тўлашга рози бўлмагани сабабли Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари бундай ҳолларда қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибга асосан Операторни олдиндан огоҳлантирмасдан ва қарор қабул қилмасдан, Операторни 18.02.2026 йилга қадар амал қилувчи № 043023-сонли тиббий фаолиятни олиб бориш учун лицензиясидан маҳрум қилиш бўйича судга даъво киритган. Шу билан бир вақтда 90 миллион сўм жарима қўллаш ҳам сўралган.
Суд эса Оператор вакиллари иштирокисиз ўтган. Бу эса суд қарорининг холислиги бўйича шубҳаларни келиб чиқаради.
Шаҳар иқтисодий апелляция суди 31.05.2023 йил ДХШ лойиҳаси учун Операторнинг рухсатномалари мавжудлигига эътибор бермасдан ва 14.07.2021 йилдаги ЎРҚ-701-сон “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддасида белгиланган “юридик шахсларнинг филиаллари ва ваколатхоналари алоҳида лицензия ва рухсатномалар олишни талаб қилмаслигига, электрон шаклда билдиришнома тақдим этишнинг ўзи кифоя эканлигини кўрсатилганлигига” қарамай, Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари фойдасига қарор қабул қилиб, лицензияларни бериш ва бекор қилиш Соғлиқни сақлаш вазирлигини мутлоқ ваколатига киришлигини важ қилиб, лойиҳа Операторининг лицензиясини асоссиз бекор қилувчи қарорни ўз кучида қолдирди.
“Intermed innovation” масъулияти чекланган жамияти томонидан давлат поликлиникаларида тиббий фаолият юритиш учун рухсатномалар йўқлиги ҳақидаги барча айбловлар аслида Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги 3-сонли оилавий поликлиника манзили билан боғлиқ битта расмий иш атрофида қурилган ва умуман асоссиздир.
Чунки 2021 йилда лойиҳа бошланишига қадар Операторга Соғлиқни сақлаш вазирлигидан лаборатория диагностикаси, қон намуналарини олиш бўйича тиббий стандартларнинг бузилиши, ДХШ лойиҳасига бириктирилган давлат поликлиникаларининг лабораторияларида зарур тиббий асбоб-ускуналар ёки жиҳозларнинг мавжуд эмаслиги тўғрисида бирорта расмий эътироз ёки кўрсатма олмаган.
Операторнинг фикрича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мансабдор шахсининг бундай нохолис хатти-ҳаракати учун асосли сабаб бу манфаатлар тўқнашувининг мавжудлиги ва лойиҳа бўйича поликлиникаларда аҳолига бепул таҳлиллар кўрсатилиши, бу орқали тегишли хусусий поликлиникалар мижозлар оқимисиз қолиши ва тижорат фаолияти фойдасиз қолиши мумкинлигидир.
Чунки давлат поклиникаларида хусусий клиникалардан паст бўлмаган сифатда тақдим этиладиган деярли 24 та таҳлилни бепул олиш мумкин бўлса, анализ топшириш учун хусусий клиникаларга боришнинг ҳожати қолмайди.
Таъкидлаш лозимки, ўтган ойдан буён Оператор Соғлиқни сақлаш вазирлиги мансабдор шахсларининг Операторга нисбатан содир этган ҳаракатларига ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ва Республика Президенти қарори билан тасдиқланган ДХШ лойиҳасига тўсқинликлар туғдираётгани сабабли ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли назорат органларига мурожаат қилган.
Бугунги кунда интернетда Операторни ҳақорат қилувчи маълумотларни тарқатиш, Операторга нисбатан йўл қўйилган хатоларни Операторнинг зиммасига ўтказишга қаратилган ҳаракатлар натижасини аниқ кўрсатиб турибди.
Оператор амалдаги келишувлар доирасида, айниқса, аҳоли учун бепул таҳлилларни тақдим этиш бўйича лойиҳа ишларини амалга ошириш бўйича давом эттиришга тайёрлигини билдириб, Соғлиқни сақлаш вазирлигини ўзини олиб қочмасдан, ўзининг ҳуқуқий шериги билан музокаралар столига ўтиришни ва имзоланган шартнома ва келишувлар мажбуриятларини бажарилиши лозимлигини сўрайди.
PS: Баҳс пайдо бўлса, ҳар ким ўзини ҳақман, деб ҳисоблашга ҳаракат қилади. Аммо ҳақиқат битта бўлади. Иккинчи томон, яъни “Intermed innovation” масъулияти чекланган жамиятининг саъй-ҳаракатлари аҳолига сифатли ва бепул тиббий таҳлиллар тақдим этиш экани олқишлашга муносиб, аслида. Лекин жамият нега тўсқинликка учради?
Демак, баҳс ҳали давом этади. Бу масалада ким ҳақ, ким ноҳақ? Мутассаддилар бу масалага эътибор қаратиб, муаммо ечимини топади, деган умиддамиз.
Норгул Абдураимова, ЎзА