Навоийга Хитой давлатидан яна 42 та автобус келтирилди ва 60 тага етди. Улар аниқ йўналишлар бўйлаб ҳаракатлана бошлади.
Сўнгги йилларда юртимизда аҳолига автотранспорт хизмати кўрсатишни яхшилаш, жамоат транспорти йўналишлари тармоғини кенгайтириш ва ҳаракат таркибини замонавий, экологик тоза автобуслар билан янгилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал вазифасини бажармоқда.
Қарор ижросини таъминлаш мақсадида дастлаб март ойида Навоий шаҳрига “Ўзмиллийбанк” АЖ Навоий вилоят Бош бошқармаси ҳамда ташаббускорлар билан биргаликда Хитой давлат Тараққиёт банки хорижий кредит линияси маблағлари ҳисобидан 18 та автобус келтирилган эди.
Эндиликда барча автобуслар белгилаб берилган йўналишлар бўйича Кармана туман маркази ҳамда Навоий шаҳри бўйлаб ҳаракатланади.
[gallery-23931]
Автобусларнинг белгиланган тартибда мунтазам ҳаракатланишини назорат қилиш мақсадида вилоят Транспорт бошқармасида автоматлаштирилган диспетчерлик маркази фаолияти йўлга қўйилган.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбири