Бугун пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида ҳудудларда аҳолини зарур дори воситалари билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди.
Анжуманда «Фарғона Дори-Дармон» АЖ бошқарув раиси Муҳаммадамин Турсунов ҳамда «Бухоро Дори-Дармон» МЧЖ директори Дилмурод Ахатов вилоят аҳолисини зарур дори воситалари билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бериб ўтди.
Таэкидланганидек, «Дори-Дармон» акциядорлик компанияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги ва бошқа даволаш-профилактика муассасаларининг асосий таъминотчиларидан бири ҳисобланади.
2024 йилнинг биринчи чорагида соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли даволаш профилактика муассасаларига 44,7 миллиард, бошқа даволаш профилактика муассасаларига 5,3 миллиард, хусусий секторга 9,3 миллиард, ҳарбий даволаш муассасаларига 1,4 миллиард, ҚВП ва ҚОПларга 23,1 миллиард сўмлик дори воситалари ва тиббиёт буюмлари етказилди.
Шундан, «Фарғона Дори-Дармон» АЖ томонидан вилоят соғлиқни сақлаш бирлашмаларига қарашли даволаш профилактика муассасаларига 22,3 миллиард, бошқа даволаш профилактика муассасаларига 5,5 миллиард, «Бухоро Дори-Дармон» МЧЖ томонидан вилоят соғлиқни сақлаш бирлашмаларига қарашли даволаш профилактика муассасаларига 7,3 миллиард ва бошқа даволаш профилактика муассасаларига 1,3 миллиард сўмлик дори-дармон ва тиббиёт буюмлари етказиб берилди.
2024 йилнинг дастлабки уч ойи давомида жамиятлардаги мавжуд кўчма дорихоналар орқали аҳолига 901 млн. сўмлик дори воситалари ва тиббиёт буюмлари етказиб берилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йилдаги тегишли қарори билан амбулатория шароитида даволанишда дори воситалари билан имтиёзли таъминланиш ҳуқуқига эга бўлган 14 тоифадаги шахслар рўйхати белгиланган. 2024 йилнинг биринчи чораги давомида мазкур рўйхатдаги шахсларга «Дори-Дармон» АК ва унинг тизимидаги жамиятларга қарашли дорихоналар орқали 96 892 та рецепт орқали 5,73 млрд. сўмлик дори воситаси ва тиббиёт буюмлари бепул берилди.
«Дори-Дармон» акциядорлик компанияси ва тизимдаги «Фарғона Дори-Дармон», «Тошкент вилоят Дори-Дармон» ҳамда «Самарқанд Дори-Дармон» акциядорлик жамиятлари, «Қорақалпоқ Дари-Дармак», «Ўзбекистон дори таъминоти» ва «Қашқадарё Дори-Дармон», «Хоразм Дори-Дармон» , «Бухоро Дори-Дармон» масъулияти чекланган жамиятлари «Зарур дистрибюторлик амалиёти (GDP)» сертификатини олишга эришди.
«Зарур амалиётлар маркази» ДУК томонидан «Қашқадарё Дори-дармон» МЧЖ тизимидаги Яккабоғ туманидаги 15-сон дорихонага №GPP-12:2024-рақамли «Зарур дорихона амалиёти-GPP» талабларига мувофиқлик сертификати берилди.
GPP сертификатини олиш бўйича ишлар компания ва тизимдаги жамиятларда жадаллик билан давом этмоқда.
Моҳигул Қосимова, ЎзА