Юртимизда фуқаролар ва тадбиркорларга давлат хизматларини кўрсатиш сифати ва даражаси ошиб бормоқда.
Охирги тўрт йил давомида давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилаётган хизмат турлари 4,5 бараварга ортган ҳолда 37 тадан 175 тага етди ва аҳолига 40 миллиондан ортиқ хизмат кўрсатилди.
Республика бўйича 170 та замонавий Давлат хизматлари марказлари бинолари давлат-хусусий шериклик асосида қурилиб, фойдаланишга топширилди. Туман (шаҳар) марказларидан 50-100 км узоқ ҳудудларда 141 та филиаллар ташкил этилди. Бунинг натижасида ҳар куни ўртача 40-45 минг фуқаро давлат хизматлари марказларига ташриф буюриб, тегишли хизматлардан фойдаланмоқда.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилган навбатдаги “Ҳукумат соати”да айтиб ўтилди. Унда депутатлар “Фуқаролар ва тадбиркорларга давлат хизматларини кўрсатиш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда давлат хизматларини кўрсатиш даражасини янада такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги масалани муҳокама қилдилар.
Мазкур масала юзасидан депутатларнинг саволларига адлия вазири Руслан Давлетов жавоб берди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда фуқаролар ва тадбиркорларга давлат хизматлари кўрсатиш тизими босқичма-босқич ислоҳ қилиниб, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш сифатини тубдан яхшилашга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Депутатлар кун тартибидаги масала юзасидан саволлар билан мурожаат қилдилар. Депутатлар жойларга борганида фуқаролар томонидан давлат хизматларига оид айрим эътироз ва мурожаатлар бўлаётгани, қатор масалаларда ҳал қилиниши лозим бўлган жиҳатлар борлигини таъкидладилар. Хусусан, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш масаласида аҳолидан кўплаб савол ва эътирозлар бўлгани, шунингдек, уй-жой, шахсий мулкка доир масалаларда давлат хизматларини кўрсатиш борасида саволлар берилди.
Вазир томонидан берилган жавобларда келтирилганидек, бугунги кунга қадар 200 тадан ортиқ тартиб-таомиллар соддалаштирилиб, хизмат кўрсатиш вақти ва талаб этиладиган ҳужжатлар сони 2 бараварга қисқартирилди. Шунингдек, бюрократия қоғозбозликни қисқартириш мақсадида давлат органлари томонидан аҳоли ва тадбиркорлардан 73 турдаги ҳужжат ва маълумотномаларни талаб қилиш бекор қилинди.
Давлатда мавжуд бўлган маълумотни давлат органлари фуқаролардан талаб қилмасдан “Электрон ҳукумат” тизими орқали олиши йўлга қўйилди. Бу орқали йилига ўртача 15 миллиондан ортиқ аҳоли ортиқча қоғозбозликдан озод бўлди.
Қизғин баҳс-мунозара ва савол-жавобларга бой бўлган “Ҳукумат соати”да депутатлар мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда соҳа истиқболига қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар берди.
М.Комилова, ЎзА