Навоий вилояти статистика бошқармасида “Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби тўғрисида” ўқув-амалий семинар ташкил этилди.
Миллий статистика қўмитаси масъул ходимлари, вилоят статистика бошқармаси раҳбар ва мутахассислари, Маҳалла уюшмаси вакиллари ҳамда Навоий давлат университети профессор-ўқитувчилари иштирок этган тадбирда ҳудудий статистика бўлимлари ходимлари Zоом платформаси орқали онлайн тарзда қатнашди.

Тадбирда давлатимиз раҳбарининг 2025 йилнинг 19 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилиб, бу жараён аҳолининг демографик ва ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари, яшаш шароити ҳамда фаровонлик даражаси, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ҳолатининг аниқ маълумотлар орқали баҳоланиши мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиёт йўналишларини белгилашда муҳим дастурлардан бири эканлиги таъкидланди.

Рўйхатга олиш жараёнлари уч босқичда амалга оширилиб, дастлаб фуқаролар “census.stat.uz” портали орқали жисмоний шахснинг шахсий идентификацион рақами ёрдамида онлайн рўйхатдан ўтса, кейинги босқичда эса “маҳалла еттилиги” ва бошқа жалб қилинган ходимлар уйма-уй юриб маълумот тўплайди. Рўйхатга олиш жараёнлари якунлангандан сўнг маълумотларни қайта ишлаш ва таҳлил қилиш босқичи бошланади.
Мулоқот давомида иштирокчиларга рўйхатга олиш маълумотлари сифати ва ишончлилигини таъминлаш, ахборот тизимларидан самарали фойдаланиш ҳамда сўровномаларни тўлдириш бўйича амалий кўрсатмалар берилди.

Рўйхатга олиш натижалари мамлакат тараққиёти учун муҳим бўлиб, миллий ривожланиш мақсадларини баҳолаш, халқаро рейтингларда ўринни юксалтириш, инвесторларни жалб этиш ва туризм салоҳиятини оширишда асосий манба бўлиб хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Фармонга асосан аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири 2026 йил 15 январдан 28 февралга қадар ўтказилади.
А.Бўриев, ЎзА