Аҳоли саломатлиги муҳофазада
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл туман тиббиёт бирлашмаси ҳудудда яшовчи 54 мингдан зиёд аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.
Бирлашма тасарруфида 1 та марказий шифохона, 1 та кўп тармоқли поликлиника, 4 та оилавий поликлиника, 4 та оилавий шифокорлик пункти, шунингдек, олис қишлоқларда 10 та тиббиёт пункти мавжуд.
Чекка ҳудудларда жойлашган оилавий поликлиникаларда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш яхши йўлга қўйилган бўлиб, тор мутахассисликдаги шифокорлар билан бирга замонавий физиотерапия, УЗИ, ЭКГ аппаратлари билан жиҳозланган. Туман марказидан энг олис ҳудуд ҳисобланган “Жайхун” оилавий шифокорлик пункти ва 16-оилавий поликлиникада ишловчи шифокорларга қўшимча устама ҳақ ҳам тўланиб, уларга ётоқ жой ташкил этилган.
Касалликлар тури бўйича ҳудудлар қизил, сариқ, яшил тоифага ажратилиб, касаллик кўпайган жойларда ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг малакали шифокорлари томонидан тиббий кўриклар ташкил этилиб, касаллиги оғир бўлган беморларни республика даражасида даволаш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, ётоқда ётган беморларга махсус мутахассис шифокорлар томонидан жойида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган. Тиббий хизмат сифатини баҳолаш мақсадида, туман тиббиёт бирлашмасининг веб-сайти ишга туширилиб, ушбу сайт орқали тиббий хизматлар ва сўровномалар ўтказиб келинмоқда.
[gallery-29104]
Жорий йилда тиббиёт бирлашмасининг болалар бўлимига “Меҳрибон инсонлар” жамғармаси ва халқаро ташкилотларнинг грант маблағлари асосида “Болалар дам олиш ва физиотерапия хонаси” ташкил этилди.
Шунингдек, тиббиёт бирлашмаси қошида “Ташаббусли бюджет” маблағлари ҳисобидан қиймати 1 миллиард 500 миллион сўмлик замонавий бино қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, жарроҳлик бўлими умумий қиймати 272 миллион сўмлик нейрохирургик асбоблар тўплами, жарроҳлик хонаси учун анестезия қилишга мўлжалланган ва электр токи билан ишловчи 1 та жарроҳлик столи, “Ишонч-2030” дастури асосида туғуруқ бўлими умумий қиймати 155 миллион 987 минг сўмлик янги туғилган чақалоқлар учун 2 та электрон ўлчагич ҳамда вакумли экстракция асбоблари тўплами билан таъминланди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА