Аҳмад Аъзам ҳамда Фароғат Камолова хотирланди
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида таниқли журналист, адиб, мунаққид, сценарийнавис Аҳмад Аъзам таваллудининг 75 йиллиги ҳамда шоира Фароғат Камолова таваллудининг 65 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди.
Мазкур хотира кечасига адиблар, шоирлар, олимлар, талаба-ёшлар таклиф этилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо таниқли адиб Аҳмад Аъзам ҳамда шоира Фароғат Камолова миллий адабиётимизда ўз ўрнига эга ижодкор бўлганини таъкидлади.

– Аҳмад Аъзам пок туйғулари, пок интилишлари, тоза хаёли, халқимизни севиши билан ўзининг такрорланмас овозига эга эди, – деди Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров. – У ўз асарларида XX асрнинг инсониятга олиб келган саргардонликларини очиб берган ижодкордир. Бу жуда оғир мавзу. Аҳмад Аъзам ўз сўзи, ҳаққониятининг бадиий кучи билан ажралиб турар эди. Унинг асарларини ўқиб, бадиий тафаккури қанчалик юксак савияда эканини сезамиз. Адабиёт оламига Азим Суюн, Усмон Азим, Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзам сингари ижодкорлар билан бирга юксак интеллектуал оқимда кириб келган ижодкор эди. Фароғат Камолова шеъриятини Ойдинхон жуда юксак баҳолар эдилар. Сабаби Фароғат жуда нафис шеърлар ёзарди. Сунъий интеллект инсоний тафаккур билан чирмашиб кетган бир даврда ҳам Аҳмад Аъзам билан Фароғат Камолова ижоди ҳам барҳаёт яшайверади.

– Умр хотиралардан иборат бўлиб қолаяпти, – деди Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим. – Аҳмадни хотирлаймиз, деб ким ўйлабди... У билан Самарқанддан келган пайтлари танишган эканман. Ўшандан буён ёнма-ён бўлганмиз. Фароғатнинг “Гулистон”га шеърларини қандай олиб келганини эслайман. Уни Аҳмад ёқтириб қолгани ёдда сақланиб қолган. Фароғатнинг илк ёзганларини кўриб, адабиётимизга яхшигина шоира кириб келганини англаганмиз. Фароғат жуда камтар, ўзини намойиш қилишни ёқтирмайдиган ижодкор эди. Аҳмад ижодкор дўстларни бир даврада тўплашга доим интиларди. У ўтгач, кейинчалик дўстлар умуман тўпланмай қўйдик, сабаби хотира азоби эди...

– Аҳмад аканинг танқидига ҳамма ҳам дош беролмасди, – деди Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон. – У кишининг феъли шундай эди. Қаттиқфеъл инсон эди. Фароғат синглимдай эди. Беғубор, хокисор инсон эди. Аслида ижодкорларни мукофотлаганда унвонни уларнинг умр йўлдошларига бериш керак, деб ўйлайман. Бундай хотира тадбирларида Аҳмаднинг ҳам, Фароғатнинг ҳам китоблари тақдим этилса, яхши бўларди.

Аҳмад Аъзам республикамизнинг бир қатор босма нашрларида, Ўзбекистон телевидениесида самарали меҳнат қилди. “Халқнинг кўнгли”, “Ўзлик”, “Тўртинчи ҳокимият”, “Ойнинг гардиши” ва бошқа кўплаб долзарб мавзудаги ҳужжатли фильмлар, кўрсатувларни яратди. Адиб “Бу куннинг давоми”, “Асқартоғ томонларда”, “Соясини йўқотган одам”, “Ҳали ҳаёт бор” каби асарлар муаллифидир. Унинг “Масъул сўз” деб номланган адабий-танқидий мақолалар тўпламлари, “Ўзи уйланмаган совчи”, “Рўё ёхуд Ғулистонга сафар” каби романлари чоп этилган.
Нафис шеърият соҳибаси Фароғат Камолованинг “Узоқ сафарлар”, “Баргизуб”, “Ҳолатлар китоби” каби шеърий тўпламлари чоп этилган. Фароғат опа серб, румин шоирларининг ижод намуналарини маҳорат билан она тилимизга таржима қилган эдилар.
Хотира анжуманида икки қаламкашнинг ижоди хусусида батафсил сўз юритилди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири