Аҳиллик, чаққонлик ва мустаҳкам ирода мардлар майдонида синалди
Сурхондарё вилоятидаги “Спорт арена” спорт мажмуасида футбол бўйича “Мактабгача ва мактаб таълими вазири кубоги” мусобақасининг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Мамлакатимиз ўқувчи-қизлари ўртасида оммавий футболни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиб, иқтидорли спортчи қизларни саралашга хизмат қилган мусобақанинг туман, шаҳар босқичларида 5 минг 20 та мактабдан 98 минг 68 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар босқичларида 3 минг 328 нафар 7-11 синф ўқувчиси иштирок этди. Беллашувнинг қуйи мусобақаларида ғолиб бўлган 16 та энг кучли жамоа унинг мамлакат босқичига йўлланма олиб, жанубдаги воҳада яшил майдонга тушди.
Мусобақа низомига кўра, жамоалар тўртта гуруҳга бўлинган ҳолда саралаш баҳсларини ўтказди. Чорак финал, ярим финал ва ҳал қилувчи финал босқичларида ўз куч ва маҳоратини кенг намойиш этди. Кеча финал босқичи учун бўлиб ўтган баҳсларда жанубнинг чанг-тўзонли афғон шамоли ва баҳор ёмғири ҳам спортчи қизларнинг шижоатини сусайтиролмади. Ярим финал баҳсидаги шиддатли ўйинлари билан томошабинлар қалбидан чуқур жой олди. Мухлислар олқишига сазовор бўлди. Зеро, ноқулай об-ҳаво шароитида улар яшил майдонда нафақат қизиқарли ўйин кўрсатди, балки мустаҳкам ирода, ҳалоллик, чаққонлик ва аҳиллик, тезкорлик ва жасурлик каби фазилатларни кенг намоён этди.
[gallery-28441]
Финал мусобақаси ҳам қизғин баҳслару, шиддатли ўйин билан янада қизиқарли ўтди. Сурхондарё вилоятидаги Бойсун тумани 30-мактаб спортчи қизлари Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов тумани 10-мактаб жамоаси билан майдонга тушиб, 3:0 ҳисобида ғолиб бўлди. Самарқанд вилоятининг Иштихон туманидаги 74-мактаб жамоасининг Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманидаги 42-мактаб жамоаси билан учрашуви 0:2 ҳисобида якунланди.
– Биринчи ўринни қўлга киритиш осон бўлмади, – дейди Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги 30-мактаб жамоаси сардори Шаҳризода Тўраева. – Барча рақибларимиз ҳам кучли экан. Баҳсларда майдонда аҳиллик билан бир-биримизни тўғри тушуниб қилган ҳаракатларимиз ютуқ олиб келди. Мухлисларнинг қўллови эса вилоятимиз шарафини мустаҳкам ҳимоя қилишга ундаб турди. Биз ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишимиз учун барча шароитларни яратиб бераётган давлатимиз ва жамоамизни ғалаба сари чорлаган футбол мухлисларидан беҳад миннатдормиз.
Мусобақада фахрли биринчи ўринни эгаллаб, Вазир кубогини қўлга киритган Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги 30-мактаб жамоаси “Дамас” автомашинаси ва 250 миллион сўм, иккинчи ўринга сазовор бўлган Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов тумани 10-мактаб жамоаси “Дамас” автомашинаси ва 200 миллион сўм, учинчи ўрин насиб этган Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманидаги 42-мактабнинг спортчи қизлари “Дамас” автомашинаси ва 150 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди. Шунингдек, мусобақада иштирок этган бошқа жамоаларга 50 миллион сўмдан пул мукофоти, Спорт вазирлигининг воркаут майдончасини қуриб бериш бўйича ваучери, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ўзбекистон футбол ассоциациясининг 50 донадан футбол тўпи ҳамда бошқа қимматбаҳо совғалар топширилди.
Тантанали маросимда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова, Спорт вазири Адҳам Икрамовлар иштирок этди.
Тадбир таниқли санъаткорларнинг қизиқарли концерт дастури билан якунланди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири