Агротехник тадбирларни самарали амалга ошириш юқори ҳосилни кафолатлайди
Сирдарё вилояти Гулистон туманидаги “Ишонч файзли дала” фермер хўжалигида 2026 йил пахта ҳосили учун чигит экиш ишларини самарали ташкил этишга бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди. Ушбу тадбир ҳудудда қишлоқ хўжалиги технологияларини замонавий усуллар билан ривожлантириш, ер майдонларини самарали тайёрлаш ва келгуси ҳосил учун мустаҳкам замин яратиш мақсадида ташкил этилди.
Семинарда Ўзбекистон фермерлар кенгаши раиси Актам Ҳайитов, Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Аброр Хидиров, Гулистон тумани ҳокими ўринбосари Сардор Ўтбосаров ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари иштирок этдилар.

Кўргазмали машғулотлар давомида дала майдонларини чигит экишга тайёрлаш, Хитойда ишлаб чиқарилган замонавий техника ва технологиялар орқали чигитни тенг ва самарали қадаш усуллари, шунингдек, пушта олинган ер майдонларида ёғингарчиликдан ҳосил бўлган намликни сақлаб, экин юритишнинг амалий йўллари атрофлича намойиш этилди. Тадбирда қишлоқ хўжалиги соҳасида илғор амалиёт ва инновацион технологик ёндашувлар ҳам кенг муҳокама қилинди.
Семинарда сўзга чиққан Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Аброр Хидиров агротехник тадбирларни ўз вақтида, тўлиқ ва самарали амалга ошириш – ҳосилдорликни кафолатлайдиган энг асосий омил эканлигини таъкидлади. Шу боис, ерни экин учун тўғри тайёрлаш, белгиланган агротехника қоидаларига қатъий риоя қилиш ва замонавий техника ҳамда автоматлаштирилган технологиялардан фойдаланиш келгуси пахта ҳосилининг сифатини 15–20 фоизга, ҳажмини эса сезиларли даражада оширишда муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.

Ҳақиқатдан ҳам қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ернинг механик ва биологик ҳолатини инобатга олган ҳолда чигит қадаш ва намликни самарали сақлаш орқали ҳосилдорлик барқарорлашади, олинган ҳосилнинг сифати эса бозор талаблари ва экспорт стандартларига тўлиқ мос келади. Бу фермерлар учун фақат илғор тажрибани намоён қиладиган йўл-йўриқ эмас, балки келгуси йилларда пахта ҳосилини кўпайтириш ва унинг сифатини юқори даражага кўтаришда амалий қўлланма сифатида ҳам хизмат қилади.
Шунингдек, семинар доирасида келгуси пахта ҳосили учун мустаҳкам ва самарали замин яратишга қаратилган аниқ вазифалар белгиланди. Улар орасида ер майдонларини ҳар томонлама тайёрлаш, замонавий агротехника воситалари ва инновацион усуллардан фойдаланиш, намликни сақлаш ва ҳосилдорликни ошириш муҳим аҳамият касб этади.
Тадбир натижасида фермерлар замонавий технологиялар асосида заминни самарали тайёрлаш ва пахта ҳосилини ошириш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлдилар.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири