Агросаноат ва ишлаб чиқариш: ҳоким янги қувватларни ўрганди
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Юқори Чирчиқ туманида амалга оширилаётган йирик саноат лойиҳалари фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида “Universal Freezing Foods” корхонасида бўлди.

Гулистон маҳалласи ҳудудида жойлашган мазкур корхона мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва экспортга йўналтириш бўйича тўлиқ замон талабларига мос равишда барпо этилган. Янги технологиялар асосида ташкил этилган лойиҳанинг умумий қиймати 4 миллион АҚШ долларини ташкил этади ва бу ерда 150 та янги иш ўрни яратилган.

Корхонада маҳсулотларни қайта ишлаш, қуритиш ва экспортбоп тайёр маҳсулот тайёрлаш тизими йўлга қўйилгани ҳудуднинг агросаноат салоҳиятини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Маълумотларга кўра, корхона томонидан 2025 йилда МДҲ давлатларига 23 миллион АҚШ доллари миқдорида қуритилган сабзавот маҳсулотлар экспорт қилинган.

Шунингдек, вилоят ҳокими “HUMO SAVDO PLUS” корхонаси фаолияти билан ҳам танишди. Қиймати 4 миллион АҚШ долларига тенг бўлган мазкур лойиҳа йилига 65 минг тонна қоғоз маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Унда 100 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланган. Корхона томонидан йилига 5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиниши режалаштирилган бўлиб, бу ҳудуд саноатининг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Ўрганиш давомида ҳудудларда саноатни диверсификация қилиш, қайта ишлаш тармоқларини кенгайтириш, экспортбоп маҳсулотлар улушини ошириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.
А.Мусаев, ЎзА.