Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан республика иқтисодиёти ва ҳудудларнинг интеллектуал ва технологик салоҳиятини ошириш, илмий ва инновацион фаолият учун замонавий инфратузилмаларни шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар натижасида 2021-2022 йилларда соҳада умумий қиймати 9597,7 миллион сўм бўлган 12 та лойиҳа молиялаштирилган.
Жумладан, қишлоқ хўжалиги корхоналарига хизмат қилувчи“Тупроқ клиникаси” мобил инновацион лабораториялари ташкил этилди ва суғориладиган тупроқларда мавжуд фойдали ва зарарли моддалар даражасини баҳолаш ишлари ташкил этилди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Фарғона, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида тупроқнинг соғломлик даражасини баҳоловчи тупроқ-экологик хариталари ишлаб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигида бўлиб ўтаётган “Аграр соҳада инновацион технологиялар ҳафталиги”да Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ва бошқа тегишли ташкилотлар инновацион маҳсулотлари ҳамда драйвер лойиҳалари билан иштирок этди.
Қайд этилишича, 2021-2022 йилларда чорвачиликни ривожлантириш соҳасида генетика усулларини қўллаш орқали чорва зотларининг генофондини кўпайтириш ва гўшт маҳсулдорлигини ошириш, озуқа-ем базасини кенгайтириш бўйича инновацион технологияларни жорий этиш ишлари олиб борилмоқда. Чорвачилик соҳасида 2021-2022 йилларда умумий қиймати 18 688,8 млн. сўм бўлган 42 та лойиҳа молиялаштирилган.
Хусусан, жайдари «меринос» зотли қўй ва «ангор» зотли эчкиларнинг сермаҳсул генотипларини яратиш, гўштдор ва жундор қўйларнинг генофондини сақлаш ва кўпайтириш бўйича: Доғистон Республикасидан 377 млн. 500 минг сўмга 50 бош наслли қўчқор ва 120 бош наслли урғочи қўйлар келтирилди. 18 млн. 600 минг сўмга лаборатория ускуналари харид қилинди, 40 млн. сўмга ем-хашаклар харид қилинди; майин жун берувчи “меринос” зотли қўчқорлардан фойдаланиб, жайдари қўйларни чатиштириш ҳамда сунъий уруғлантириш ишлари йўлга қўйилди.Турли тупроқ-иқлим шароитларида касалликлар ва зараркунандаларга чидамли озуқабоп лавлагининг “Ўзбекистон-83” нави бирламчи уруғчилиги ва уруғлик кўчатзори ташкил этилди.
2021-2022 йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида қайта ишлаш самарадорлигини оширишга қаратилган қишлоқ хўжалиги техникасининг инновацион конструкцияларини ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришнинг янги технологияларини яратиш ишлари олиб борилмоқда.
Тадбирда мутахассисларнинг сўзларига кўра, тупроқ унумдорлигини ошириш соҳасида тупроқ ресурслари ҳолатини комплекс мониторинг қилиш тизими ҳамда ресурс тежамкор суғориш ва ўғитлантириш агротехнологияларини яратиш, бунда ҳудудларда мобиль лабораториялар тармоғини ташкил этиб, тупроқдаги мавжуд фойдали ва зарарли моддаларни аниқлаш асосида қишлоқ хўжалиги экинларининг агрокимёвий хариталарни ишлаб чиқиш ишлари олиб борилмоқда.
Наманган вилояти Чуст туманида ковул (кавар) доривор ўсимлигини етиштириш, қайта ишлаш технологиясини яратиш ишлари олиб борилмоқда. Хоразм, Андижон, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида стевия ўсимлиги етиштирилиб, уни қайта ишлаш орқали “Sweetlife 1” ва “Sweetlife 2” номли табиий ширинлатгичлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Тадбирда олимлар ва мутахассислар томонидан соҳадаги драйвер лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Таъкидлаш лозимки, «Аграр соҳада инновацион технологиялар» ҳафталиги доирасида буғдой каби фақат уч марта суғориш билан етиштириладиган шоли, ўз танасидан катта ҳажмда жун берадиган «Меринос» зотли қўй ҳамда буғдой ва бошқа экинларнинг янги навлари, балиқ, қуён, чорва моллари ва паррандалар учун тўйимли озуқалар, биологик фаол қўшимчалар, асалари учун инновацион технологиялар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, ҳафталик тадбирлари жорий йилнинг 6-10 июнь кунларига қадар давом этади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА