Аграр соҳа илм-фани халқаро ҳамкорлик натижасида янги босқичга чиқмоқда
Қишлоқ хўжалиги соҳасида замонавий илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиш, илмий тадқиқотларни чуқурлаштириш ва аграр соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Хитой Фанлар академияси Микробиология институти Академик қўмитаси директори Фу Гао ҳамда Чженсзян университети вице-президенти Ли Сяомин бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.
Учрашув давомида шўрланиш ва чўлланишга қарши курашиш, сув тежамкор суғориш технологияларини ривожлантириш, қурғоқчиликка чидамли экин навларини яратиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, масофавий мониторинг ҳамда аграр биотехнологиялар бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди, дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотида.
Айни пайтда Хитой Фанлар академиясининг Шинжон экология ва география институти билан ҳамкорликда Оролбўйи ҳудудида ерларни тиклаш, шўрга чидамли ўсимликларни етиштириш ва пахтачиликда ақлли суғориш технологияларини жорий этиш бўйича қатор илмий ишлар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Хитой делегацияси вакиллари Иброҳим Абдураҳмоновнинг ўсимликлар биологияси, хусусан, ғўза генетикаси соҳасидаги илмий ишлари халқаро миқёсда юксак эътироф этилганини алоҳида қайд этиб, унинг ZF2001 COVID-19 вакцинаси клиник синовларини амалга оширишга ҳам муносиб ҳисса қўшганини таъкидлашди.
Музокараларда Хитойнинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.
А.РУСТАМОВ, ЎзА