Афинада намойиш: юнонлар нимадан норози?
Греция пойтахти Афинада минглаб кишилар таълим соҳасига кўпроқ маблағ ажратиш ва талабаларнинг яшаш шароитини яхшилашни сўраб, парламент томон юриш қилди. Уларнинг асосий талаблари - синфлардаги ўқувчилар сонини камайтириш, таълим муассасаларини яхшилаш ва арзон турар жойлар яратишдан иборат бўлди.
Талабалар, ўқитувчилар ва давлат сектори ходимлари Афина университетидан парламентгача баннерлар кўтариб, шиорлар айтган ҳолда ҳаракатланди. Айрим плакатлардаги французча ёзувлар Франциядаги талабалар чиқишларига ҳамжиҳатликни ифодалади. Полиция хавфсизлик чораларини кучайтириб, яқин атрофдаги йўлларни тўсди.
Полиция ҳисоб-китобига кўра, пойтахт ва унинг атрофидаги чиқишларда қарийб 10 минг киши қатнашган, ташкилотчилар эса бу рақам юқорироқ эканини билдирган. Салоники, Патра, Лариса ва Критда ҳам шундай йиғилишлар бўлиб ўтди.
Айрим иштирокчилар парламент олдида тунни ўтказиб, ижара ҳақини назорат қилиш ва уй-жой харажатларини қоплашга ёрдам сўраган.
Мусулмон Зиё, ЎзА