Афғонистонлик инвесторлар — Мирзад Мир Аҳмад Заҳеэн ва Мир Насир Аҳмад Мирзад Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида умумий қиймати 5 миллион АҚШ долларига тенг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ниятида. Улар кўп қаватли уй-жойлар қурилиши ҳамда ичимлик сувини қадоқлаш цехларини ташкил этиш бўйича аниқ таклифлар билан чиқишди.
Дастлабки келишувларга кўра, инвесторлар тумандаги кўп қаватли уй-жойларга улушдор сифатида кириш ва кичик саноат зонасидан 0,96 гектар ер майдонини аукцион орқали харид қилиб, замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқариш цехини ташкил этишни режалаштирмоқда. Бунинг учун зарур ускуналар хориждан олиб келинади.


Мазкур лойиҳалар Гулистон тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Олимжон Жўраев ва инвесторлар ўртасида бўлиб ўтган учрашувда муҳокама қилинди. Учрашув очиқ ва самимий руҳда ўтиб, икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, айниқса, инвестиция соҳасидаги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига бағишланди.

Инвесторларга А.Яссавий маҳалласидаги кўп қаватли уй-жой қурилиши учун мўлжалланган ер майдонлари ҳамда Аҳиллик маҳалласидаги кичик саноат зонаси фаолияти таништирилди. Саноат зонасидаги имкониятлар, ишлаб чиқариш қулайликлари ва яратилган шароитлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.


Шунингдек, афғонистонлик меҳмонлар туманнинг туризм салоҳиятини ўрганишга ҳам катта қизиқиш билдирди ва бу йўналишда қатор лойиҳаларни амалга ошириш ниятида эканликларини маълум қилишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири