Афғонистонда Андижон маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди
Шу кунларда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигидаги вилоят делегацияси савдо, иқтисодий ва маданий ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида Афғонистон давлатида бўлиб турибди.
Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, ташриф доирасида делегация Қобул ва Ҳирот шаҳарларида бўлиш, Афғонистон бозорини ўрганиш, маҳаллий талабга мос маҳсулотлар ишлаб чиқиш, экспортни кенгайтириш ва икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида барқарор ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда Ҳирот шаҳрида янги “Андижон савдо уйи”ни очиш кўзда тутилган.

Вилоят делегациясини Афғонистон Савдо ва инвестициялар палатаси раиси Муҳаммад Саидкарим Ҳошимий, Савдо ва саноат вазири ўринбосари Мавлавий Шаҳобиддин Сакиб ҳамда Ўзбекистоннинг Афғонистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ойбек Усмонов кутиб олди.
Ташриф дастури доирасида делегация ўз сафарини Андижон фарзанди, буюк мутафаккир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур қабри ҳамда Бобур боғини зиёрат қилишдан бошлади.

Маълумки, Заҳириддин Муҳаммад Бобур Афғонистонда ҳукмронлик қилган даврларда Кобулда тўрт боғ қурдирган. Булар – Боғи Шаҳроро, Боғи Вафо, Боғи Столиф ва Боғи Бобурдир.

Боғи Бобур 1528 йилда Заҳириддин Муҳаммад Бобур томонидан лойиҳалаштирилган ва қурилган. Ушбу боғ Қобулнинг “Гузаргоҳ” деб номланган ҳудудида жойлашган. Боғнинг майдони 11 гектарни ташкил этади.
Шундан сўнг Андижон вилояти ҳокими афғонистонлик тадбиркорлар билан учрашиб, улар билан мулоқот ўтказди. Мулоқотда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби қатор истиқболли йўналишларда ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди. Айниқса, Андижонда ишлаб чиқарилаётган сифатли маҳсулотларни Афғонистон бозорига олиб кириш, самарали логистика занжирини шакллантириш ва қўшма корхоналар ташкил этиш масалалари хусусида атрофлича сўз юритилди.

Вилоят ҳокими бошчилигидаги делегация Афғонистон Қишлоқ хўжалиги, ирригация ва чорвачилик вазири Мавлавий Атоуллоҳ Омари билан ҳам музокара олиб борди. Унда томонлар ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш, савдо ҳажмини ошириш ва янги бозорларни ўзлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, Андижон вилоятидан жўжа ва парранда гўшти, тухум ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини Афғонистон бозорига олиб кириш имкониятлари кўриб чиқилди. Шу билан бирга, Афғонистондан гўшт маҳсулотларини импорт қилиш ҳамда самарали логистика занжирини шакллантириш борасида фикр алмашилди.

Сафарнинг кейинги кунида Қобул шаҳрида Андижон вилоятида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазмада қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати маҳсулотлари, қурилиш материаллари, шунингдек, уй-рўзғор буюмлари ва маиший техника воситалари, умуман, 150 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар намойиш этилди.
Мазкур кўргазма маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги экспорт бозорларини очиш, маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш ҳамда Афғонистон билан савдо алоқаларни янада кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.