Президентимизнинг топшириғига мувофиқ бугун “Айритом” чегара ўтказиш пункти орқали афғон халқига қарийб 170 тонна озиқ-овқат маҳсулоти ортилган навбатдаги инсонпарварлик юки қўшни мамлакатнинг Балх вилоятига етказилди.
Инсонпарварлик ёрдами таркибида 48 тонна ун, 48 тонна буғдой, 15 тонна ўсимлик ёғи, 10 минг 80 дона консерваланган гўшт маҳсулотлари (тушёнка), 22 тонна макарон, 24 тонна шакар ҳамда 100 минг дона тез тайёрланадиган лапша мавжуд.
Қўшни мамлакатга етказилган зарур маҳсулотлар Ҳайратон шаҳридаги “Астрас” компанияси ҳудудида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Эркин Ҳамраев ва Афғонистоннинг Балх вилояти губернатори Муҳаммад Юсуф Вафо ҳамда икки томон расмийлари иштирокида топширилди.
Кўрсатилаётган беғараз ёрдам ва Афғонистон билан Ўзбекистон ўртасида дўстлик, яқин қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратаётган давлатимизга чуқур миннатдорлик билдирди. Яқин қўшни ва биродар икки халққа тинчлик, фаровонлик тилаб дуога қўл очилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири