Президентимизнинг топшириғига асосан Сурхондарё вилоятидаги Ҳайратон чегара ўтказиш пункти орқали қўшни Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами жўнатилди. Зарур озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат 185 тоннадан ортиқ юклар карвони қўшни мамлакатнинг Балх вилояти шимолидаги Ҳайратон шаҳрига етказилди.
Инсонпарварлик ёрдами таркибида 48 тонна ун, 48 тонна буғдой, 15,7 тонна ўсимлик ёғи, 10 минг 20 дона консерваланган гўшт маҳсулотлари (тушёнка), 22 тонна макарон, 24 тонна шакар ва 100 минг дона тез тайёрланадиган лапша (Hot lanch) бор.



Шу муносабат билан Ҳайратон шаҳридаги “Астрас” компанияси ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев, Сурхондарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Анвар Орипов, Афғонистон Иқтисодиёт вазири Дилмуҳаммад Ҳаниф ва бошқа расмийлар иштирокида инсонпарварлик ёрдамини топшириш маросими бўлиб ўтди. Шунингдек, икки давлат расмийлари иштирокида ҳудудларнинг ўзаро савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳадаги ҳамкорлигини ривожлантириш юзасидан музокаралар ўтказилди. Афғонистонлик расмийлар Муборак Рамазон ойида кўрсатилаётган амалий ёрдам учун Ўзбекистон халқига миннатдорлик билдирди.




Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири