Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ Афғонистонга навбатдаги инсонпарварлик ёрдами юборилди.
Йигирмата юк автомашинасида жўнатилган озиқ-овқат маҳсулотлари ва турли дори-дармондан иборат беғараз ёрдам Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев ва бошқа тегишли идоралар вакиллари иштирокида Балх вилоятининг Ҳайратон шаҳрига етказилди.


БМТ маълумотига кўра, бу йил ён қўшни мамлакатда совуқ келаётган қиш фаслида 17 миллиондан ортиқ инсон озиқ-овқат маҳсулотлари инқирозига юз тутган. Уларнинг тўрт миллиондан ошиғи ёш болалардир. Бирлашган Миллатлар ташкилоти Жаҳон озиқ-овқат дастури маълумотига кўра, Афғонистон гуманитар инқироздан чиқиши учун тахминан 500 миллион доллар маблағ зарур. Бироқ, бу маблағ донор мамлакатлар томонидан берилаётгани йўқ.


Дунёда кечаётган оғир сиёсий вазиятда Афғонистонга халқаро ҳамжамият гуманитар ёрдамини қисқартирган. Ана шундай оғир шароитда давлатимиз раҳбари ён қўшни мамлакатга алоҳида эътибор бераётгани, илгари сураётган ғоялари тинчликпарварликка, афғон халқининг яшаш тарзини яхшилашга қаратилгани жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотмоқда. Давлатимиз қўшни мамлакатга йилнинг ўтган даврида жўнатган бу сафарги беғараз кўмаги ҳам кўп миллатли халқимизнинг Афғон биродарларга дўстлик ришталарининг ёрқин ифодаси бўлди.


Ён қўшни икки мамлакат вакиллари иштирокида Ҳайратон шаҳридаги “Астранс” компаниясида ўтказилган расмий топшириш маросимида Балх вилояти губернатори Моҳаммад Юсуф Хожи Вафо қиш қаттиқ ўтаётган бир пайтда кўрсатилган беғараз ёрдам афғонистонликларнинг мавсумдаги қийинчиликларини юмшатишига хизмат қилиши ҳақида сўз юритиб, бу кўмак ҳозирги инқироз даврида ўзбек халқининг ўзаро дўстлик, биродарлик ва юксак инсонийлик фазилатларини кенг намоён этганини таъкидлади.


– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга қиш қаттиқ келиб, халқимиз азият чекаётган бир пайтда бизга кўрсатаётган ёрдами учун чуқур миннатдорлик билдирамиз, – дейди Балх вилояти губернатори Моҳаммад Юсуф Хожи Вафо. – Жаҳонда кечаётган ҳозирги сиёсий жараён ва айрим қўшни давлатлар билан чегараларимиз ёпилган бир пайтда биз учун ягона мустаҳкам, ҳамиша очиқ бўлган, дўстона муносабат кўрсатаётган бу – Ўзбекистон чегараси, деб биламиз ва жуда қадрлаймиз. Ўзбекистоннинг кўрсатаётган кўмагини ҳеч қачон ёдимиздан чиқармаймиз, унутолмаймиз. Биз, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Афғон халқини яхши кўришини, тинч-тотув ва фаровон турмуш кечиришини жуда-жуда исташини яхши биламиз. Ўзбек халқининг кўрсатаётгани хизмати ва мурувватини эсдан чиқаролмаймиз. Бу йил Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасидаги ўзаро савдо алоқалари ҳам жуда юқори кўрсаткичга эришди. Бу кўрсаткични келгуси йил уч-тўрт баравар оширишга ҳаракат қиламиз. Афғон тарафдан Ўзбекистонга ҳеч қандай таҳдид бўлмаслигига, бир дарёнинг икки қирғоғидаги халқларимиз учун ўзбек-афғон чегараси яхши қўшничилик, дўстлик ва биродарлик чегараси бўлиб қолишига ишонамиз.


Жорий йилнинг ўтган даврида давлатимиз томонидан афғон халқига тўрт марта инсонпарварлик ёрдами етказиб берилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири