Таҳлил ва таклиф
Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституциясида адвокатурага оид алоҳида боб ажратилиши муҳим аҳамият касб этди. Жумладан, 141-142-моддаларини ўз ичига олган 24-бобда адвокатура институтига оид асосий қоидалар белгиланган. Унда адвокат ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги қайд этилган.
Фикримизча, адвокат ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги конституция даражасида белгиланган бўлса-да, ушбу нормани бузганлик учун жавобгарлик масалаларини ўрганиш ва таҳлил этиш, зуруратга қараб уларни такомиллаштириш лозим.
Масалан, бугунги кунда «Адвокатура тўғрисида»ги қонуннинг 71-моддасида адвокат сўровига оид асосий қоидалар берилган бўлсада, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1971-моддасида адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилиши қайд этилган. Мазкур иккита норма бир-бири билан бевосита боғлиқ бўлганлиги сабабли ҳар иккаласини бир вақтнинг ўзида ўрганиш ва таҳлил этиш керак.
Хусусан, адвокат сўровига ахборот тақдим этмаслик, била туриб ёлғон ёки нотўғри ахборот тақдим этиш, адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилганлик ёки унинг ишонч билдирувчи шахс манфаатларига зид вазиятни туғдириш мақсадида адвокатга таъсир ўтказганлиги суд тартибида аниқланиши лозим.
Маълумот учун: 2024 йилнинг 1 январидан 30 июль кунига қадар бўлган даврда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг интерактив хизматлари порталида МЖтК 1971-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликка оид 79 та маъмурий иш ўрганиб чиқилди. Шулардан 48 та иш бўйича ҳуқуқбузар айбдор деб топилган, 31 та иш бўйича МЖтК 271-моддаси 1-бандига асосан тугатилган.
Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида адвокатларнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилганликка оид нормани такомиллаштириш, бу борадаги жавобгарликни кучайтириш ҳамда ушбу ҳуқуқбузарлик бўйича судга мурожаат қилиш тартибини соддалаштириш лозим.
Ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллар натижаси шуни кўрсатдики, адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилишга оид нормаларни такомиллаштиришни тақозо этадиган айрим муаммолар мавжуд. Хусусан, адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳуқуқбузарлигининг диспозициясида белгиланган «адвокат сўровига ахборотни тақдим этмаслик» ҳаракатлари амалиётда кўп учрамоқда.
Бундан ташқари, бу борадаги суд қарорларининг таҳлили ҳамда амалиётчи адвокатлар билан ўтказилган суҳбатлар натижаларига кўра, адвокат сўровига ахборотни нафақат тақдим этмаслик, балки тўлиқ тақдим этмаслик ҳолатлари кўпаймоқда. Чунки Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида адвокат сўровига ахборотни тўлиқ тақдим этмаслик учун жавобгарлик белгиланмаган. Бу адвокатларнинг жисмоний ва юридик шахсларга малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш фаолиятини самарали амалга ошира олмаслигига олиб келмоқда.
МЖтК 1971-моддаси диспозициясида адвокат сўровига ахборотни тақдим этмаслик ҳолатларининг яна бир сабаби адвокат сўрови юборилиши мумкин бўлган субъектлар рўйхати тор доирада белгиланган. Шу боис, «Адвокатура тўғрисида»ги қонун 71-моддасининг биринчи қисмида белгиланган адвокат сўровини юбориш мумкин бўлган субъектлар рўйхатини кенгайтирган ҳолда баён этиш зарурияти мавжуд.
МЖтКнинг 283-моддасига кўра, ушбу кодекснинг 1971-моддасида назарда тутилган адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилинган тақдирда, адвокат маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузмасдан ўз аризасида ҳуқуқбузарнинг шахси тўғрисидаги маълумотларни, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жойни, вақтни ва бу ҳуқуқбузарликнинг моҳиятини, ишни ҳал этиш учун зарур бўлган бошқа маълумотларни кўрсатиб, судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Ўрганишлар ва таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан адвокатларнинг Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 1971-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик бўйича берган аризасида ҳуқуқбузарнинг шахси тўғрисидаги маълумотлар акс этмаганлиги сабабли ушбу кодекснинг 3031-моддасига асосан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш материалларини қайтариш ҳолатлари учраб турибди. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, ҳуқуқбузарнинг шахси тўғрисидаги маълумотларни ҳар доим ҳам тўлиқ аниқлаш ва аризада келтириб ўтишга улар ҳақида маълумотларни топиш билан боғлиқ қийинчиликлар сабаб имконсиздир.
Адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилганликка оид ҳуқуқбузарликни содир этган шахсларга жазо тайинлашда тоифаларга, жумладан, фуқаро ва мансабдор шахсларга ажратиш керак.
Бу борада хорижий мамлакатлар тажрибасига кўра, хусусан, Россия Федерацияси, Қирғиз Республикаси каби давлатлар қонунчилигида бизнинг қонунчилигимиздан фарқли равишда, адвокат сўрови юборилиши мумкин бўлган субъектлар рўйхати, адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳуқуқбузарлигининг диспозициясида бошқача қоидалар белгиланган.
Россия Федерациясининг «Россия Федерациясида адвокатура ва адвокатлик фаолияти тўғрисида»ги федерал қонуни 6.1-моддасида адвокат сўрови юбориш мумкин бўлган субъектлар доирасига давлат ҳокимияти органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар кириши қайд этилган. Россия Федерациясининг Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекси 5.39-моддасида фуқарога, шу жумладан, адвокатнинг сўровига кўра адвокатга ва (ёки) ташкилотга федерал қонунларда назарда тутилган маълумотларни тақдим этишни ноқонуний рад этиш, уни ўз вақтида тақдим этмаслик ёки била туриб ёлғон маълумотларни тақдим этиш учун жавобгарлик назарда тутилган.
Таҳлил натижалари юзасидан, адвокат сўрови институти ҳамда адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилишга оид нормаларни янада такомиллаштириш бўйича қуйидагиларни таклиф этиш мумкин:
биринчидан, «Адвокатура тўғрисида»ги қонуни 71-моддаси тўққизинчи қисмида белгиланган «адвокат сўровига ахборотни тақдим этмаслик» жумласини «адвокат сўровига ахборотни тўлиқ тақдим этмаслик» жумласи билан алмаштириш ҳамда МЖтК 1971-моддаси диспозициясини «адвокат сўровига ахборотни тўлиқ тақдим этмаслик» деб баён этиш;
иккинчидан, Ўзбекистон Республикасининг «Адвокатура тўғрисида»ги қонуни 71-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган адвокат сўрови юбориш мумкин бўлган субъектлар сифатида маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органи, шунингдек, уларнинг мансабдор ва хизмат ходимлари, мулкчилик шаклидан қатъи назар, юридик шахслар, шу жумладан, якка тартибдаги тадбиркорларни белгилаш;
учинчидан, адвокатларнинг жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш ва самарали ҳимоя функциясини амалга ошириш учун адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилганлик бўйича унинг жиноят ишлари бўйича судга берган аризасида ҳуқуқбузарнинг шахси тўғрисидаги маълумотларни акс эттириш мажбуриятини бекор қилиш;
тўртинчидан, адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳуқуқбузарлиги учун жавобгар шахсларни икки турга бўлиш ва улар бўйича мутаносиблик принципи асосида тайинланадиган жазосини санкцияда алоҳида белгилаш.
Мазкур тартибнинг жорий этилиши фуқароларнинг малакали юридик ёрдам олишга бўлган конституциявий ҳуқуқини тўлақонли таъминлаш билан бирга адвокатларнинг малакали ёрдам кўрсатиш сифатининг сезиларли даражада ошишига хизмат қилади.
Алибек МАТМУРОДОВ,
Тошкент давлат юридик университети доценти,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори.
ЎзА