Ҳар бир соҳанинг ривожланиши, мамлакат тараққиёти таълимга қаратилган эътиборга бевосита боғлиқ.
Таълимни ривожлантириш “Адолат” СДПнинг сиёсий сегментида ҳам устувор йўналишлардан. Шундан келиб чиқиб, партиянинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида таълим ва тиббиёт соҳасида муҳим ўзгариш ва ислоҳотлар юзасидан аниқ таклиф ҳамда ташаббуслар илгари сурилган.
Шу мақсадда партия етакчиси Робахон Маҳмудова худудларда бўлиб, таълим соҳаси вакиллари билан мулоқот қилиш, уларнинг фикр ва таклифларини ўрганиш мақсадида учрашувлар ўтказяпти.
Уч минг йилдан зиёд тарихга эга, жаҳон цивилизацияси ва ислом маданияти ривожига бемисл ҳисса қўшган Бухоройи шариф шундай учрашувнинг галдаги манзили бўлди.
Даставвал партия раиси Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти ҳудудида жойлашган “Адолат” СДП тарғибот-ташвиқот пункти фаолияти билан танишди.
Тарғибот-ташвиқот пункти партиянинг вилоят кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, пункт ёрдамида бухоролик сайловчиларга партиянинг турли соҳалар ривожи йўлида режалаштирилган асосий ғоя, мақсад ва муҳим ислоҳотларини тушунтириш, сайловчилар билан доимий алоқада бўлиб, фикрларни тинглаш ва режалари билан таништириш мақсад қилинган.
Танишув мобайнида партия етакчиси пунктда “Адолат” СДПнинг ўтган даврда амалга оширган ишлари ҳамда келгуси мақсадларини ўзида акс эттирган медиа маҳсулотлари намойишини йўлга қўйиш, тарғибот-ташвиқот воситалари, тарқатма ва флаерлардан фойдаланишни кенгайтириш зарурлигига тўхталди.
Шунингдек, вилоятдаги партия тузилмаларининг ижтимоий тармоқлардаги фаолиятини янада кучайтириш, вилоят кенгаши томонидан амалга оширилаётган ишларни доимий равишда ҳудудий ОАВлар билан ҳамкорликда ёритиш зарурлиги қайд этилди.
–Партиянинг жорий сайловда муваффақиятли иштирок этишга бўлган юксак ишончи ҳамда аввалги сиёсий жараёнларда орттирган бой тажрибаси ижтимоий тармоқлар орқали кенг жамоатчиликка етказилиши лозим, –дейди Робахон Маҳмудова. –Бу сайловчилар билан алоқани мустаҳкамлайди ва уларнинг партияга бўлган қизиқишини оширади.
Партия етакчиси мазкур олий ўқув юртида бухоролик таълим соҳаси вакиллари, педагоглар билан учрашди. Таълим соҳасидаги долзарб муаммолар ечимига қаратилган таклифлар, қизғин муҳокама ва мунозараларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Таваккал Чориев, партиянинг Бухоро вилоят кенгаши масъуллари, депутатликка номзодлар, университет профессор-ўқитувчилари, партия фаоллари, талабалар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Партия етакчиси тиббиёт соҳасида вилоятда етакчи олий таълим муассасаларидан бири бўлган мазкур олийгоҳдаги ўқитувчи-профессорлар, бўлажак шифокорларга “Адолат” СДПнинг 2024-2029 йилларга мўлжалланган янги Сайловолди дастури мазмун-моҳияти, хусусан, соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш бўйича акс этган ғоя ва таклифлари юзасидан маълумот берди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари