Адолат ҳар бир инсоннинг қалбида бўлиши керак
Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги 75-сонли умумтаълим мактабида Судьялар олий кенгаши томонидан амалга оширилаётган “Ибрат мактаби” лойиҳаси доирасида навбатдаги маърифий учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ёш авлоднинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, уларда Ватанга бўлган садоқат туйғуларини мустаҳкамлаш, шунингдек келажакда ўзлари танлайдиган касбга меҳр қўйиш руҳида тарбиялашга кўмаклашиш.
Таълим даргоҳининг собиқ битирувчиси, суд тизимидаги кўп йиллик самарали фаолияти ва соҳа ривожига қўшган салмоқли ҳиссаси билан юксак эътирофга сазовор бўлган “Суд фахрийси” кўкрак нишони соҳибаси Хайриниса Ҳакимова ушбу мактабга ташриф буюрди.

Тадбир доирасида мактабда ташкил этилган “Ибрат бурчаги”га Х.Ҳакимованинг ҳаёт йўли, бой меҳнат фаолияти ва эришган юксак ютуқларини акс эттирувчи маълумотлар ҳамда фотолавҳа жойлаштирилди. Ушбу ташаббус мактаб остонасида турган, мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшлар учун ҳаётий муваффақият намунаси ва касбий маёқ бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Тадбир очиқ ва самимий руҳдаги давра суҳбатига уланиб кетди. Мулоқот давомида суд фахрийси ўқувчилар билан ўз ҳаётий тажрибаларини ўртоқлашар экан, асосий эътиборни энг муҳим инсоний тамойилларга қаратди.
Хусусан, жамиятда тартиб ва адолатни таъминлашнинг бош мезони бўлган қонун устуворлиги, шиддат билан ривожланаётган замонавий дунёда юксак марраларга эришишнинг ягона йўли – илмга интилиш, шунингдек, ҳар бир инсоннинг ўз хатти-ҳаракатлари учун қонун ва виждон олдидаги масъулияти каби мавзулар суҳбатнинг бош мазмунини ташкил этди.

– Адолат ҳар бир инсоннинг қалбида ва кундалик одатларида шаклланиши лозим. Зеро, қонунга бўлган ҳурмат аввало, фуқаронинг ўзига бўлган ҳурматидан бошланади, – дея алоҳида таъкидлаб ўтди Х.Ҳакимова.
“Ибрат мактаби” лойиҳаси суд тизими фахрийларининг бой маънавий меросини ёш авлодга етказишда муҳим маърифий кўприк вазифасини ўтамоқда.
Судьялар олий кенгаши томонидан бу каби учрашувларни республикамизнинг барча ҳудудларида изчил давом эттириш режалаштирилган бўлиб, улар келажакда юксак ҳуқуқий маданиятга эга комил инсонларни тарбиялашга хизмат қилади.
Тадбир якунида Х.Ҳакимова ва синфдошлари ўқувчилар билан мактаб ҳовлисига 10 дона дарахт экишди.
Шербек Исломов, ЎзА