“Адолат фасли” Самарқандда намойиш этилди
Самарқанд вилояти мусиқали драма театрида Ўзбек миллий академик драма театри ижодкорлари томонидан саҳналаштирилган “Адолат фасли” (Амир Темур) спектакли намойиш этилди.
Спектакль Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим асари асосида тажрибали режиссёрлар Бахтиёр Тўраев ва Асқар Холмўминов томонидан саҳналаштирилган. Бош роль Амир Темур Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Рустам Каримов томонидан ижро этилган.

– Бу йил юртимизда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланмоқда, – дейди Ўзбек миллий академик драма театри директори Ёдгор Саъдиев. – Бизнинг Самарқандга гастролимиз ҳам шу муносабат билан ташкил этилди. Тўрт кун давомида самарқандлик театр ихлосмандлари ва сайёҳларга буюк бобомиз ҳақидаги “Адолат фасли” спектаклини намойиш этдик. Бу асар Амир Темур ҳазратларининг бир кунлик ҳаёти мисолида адолатни ҳамма нарсадан устун қўйиб давлатни бошқаргани, ҳатто, фарзандларини ҳам ана шу бош мезон асосида тарбиялаганини кўрсатиб беришга қаратилган. Ўйлайманки, асар томошабинларга манзур бўлди.

Миллий театр жамоаси Самарқандга ижодий сафари давомида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Амир Темур мақбараси ва бошқа тарихий обидаларни зиёрат қилди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари