Адлия вазирлигига аҳолидан кўплаб саволлар келиб туради. Мутахассислар тушаётган долзарб саволларни соҳаларга бўлган ҳолда “5 саволга 5 жавоб” рукни остида уларга жавоб тайёрлашни йўлга қўйди.
Қуйида энергетика бўйича компенсация ва моддий ёрдамга оид 5 саволга 5 жавоб билан танишасиз.
– Кимларга электр ва газ тўловларининг бир қисми компенсация қилиб берилади?
- Ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган ойлик даромади ҳар бир оила аъзосига 669 минг сўмдан кам оилалар, реестрларга киритилмаган, аммо мол-мулки кам ва ойлик даромади ҳар бир оила аъзосига 1 миллион 3 минг 500 сўмдан кам бўлган оилаларга шундай имтиёз берилган.
– Компенсация миқдори қанча?
– Электр учун – ойига базавий меъёрдан (яъни, 200кВт соатдан) ортиқ фойдаланилган 150 кВт соатгача, газ учун – ноябрь-февраль ойларида базавий меъёрдан (яъни, 500 куб метрдан) кўп фойдаланилган 250 куб метргача, бошқа даврларда эса 150 куб метргача ортиқ фойдаланилган қисми учун компенсация қилинади.
– Компенсация олиш учун қаерга мурожаат қилиш керак?
– Компенсация олиш учун “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ёки маҳаллаларда фаолият юритувчи ижтимоий ходимларга мурожаат қилиш керак.
Бунда аризада паспорт маълумотлари, абонент рақами ва телефон рақами кўрсатилади. Аризалар ҳар ойнинг 15-санасига қадар қабул қилинади.
– Компенсация ҳар ой тўлаб бериладими?
– Компенсация олувчи оилаларнинг мезонларга мослиги ҳар ойда автоматик ўрганилиб, мезонларга мос келган тақдирда, кейинги ойлар учун алоҳида мурожаат талаб этмаган ҳолда компенсация тўлови давом эттирилади.
– Иситиш мавсумида кимларга бир марталик моддий ёрдам ажратилади?
– 2025/2026 йил иситиш мавсумида ноябрь ойида қуйидаги оилаларга 1 миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилади: реестрларга киритилган оилаларга; “маҳалла еттилиги” хулосаси асосида реестрларга киритилмаган, ёрдамга муҳтож оилаларга.
Бунда “маҳалла еттилиги” томонидан қўшимча рўйхат шакллантирилишида, биринчи навбатда қуйидагилар инобатга олинади:
-боқувчисини йўқотган оилалар;
-аъзолари I ёки II гуруҳ ногирони бўлган шахслардан иборат оилалар;
-ногиронлиги бўлган болаларни парваришлаётган оилалар;
-узоқ даволанишни талаб этадиган касалликлар билан касалланган шахслар яшовчи оилалар;
-ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчилар ва ёлғиз кексалар;
-ногиронлиги бўлган шахслар; -3 ва ундан ортиқ оила яшайдиган хонадонларда ҳамда газ бўлмаган ва марказлаштирилган тартибда иситилмайдиган кўп қаватли уйларда яшовчи оилалар.
Н.Абдураимова,
ЎзА