Давлат бошқаруви тизими, хусусан, вазирлик ва идоралар кўплиги жамоатчиликнинг танқиди ва эътирозларига сабаб бўлиб келаётган масалалардан бири эди.
Бу йўналишда мамлакатимизда муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Адлия вазири Акбар Тошқулов шу ҳақдаги фикрлари билан ўртоқлашди:
– Давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилишга давлатимиз раҳбари алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Ислоҳотларнинг дастлабки босқичида давлат хизматларини кўрсатиш тизими тубдан такомиллаштирилди.
Давлат органлари фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш бўйича самарали механизмлар жорий этилди. Давлат функцияларини хусусий секторга ўтказишнинг ҳуқуқий асослари яратилди.
Президентимизнинг Мурожаатномасида ҳозирги кунда давлат аппаратида такрорланишларнинг кўплиги, кераксиз штатлар мажудлиги, марказлашувнинг юқорилиги таъкидланди. Натижада бугунги мураккаб масалаларга тўғри ечим топиш учун ортиқча вақт, куч ва ресурс сарфланаётгани қайд этилди.
Мурожаатномада назарда тутилган ислоҳотларнинг биринчи босқичида вазирликлар ислоҳ қилиниши, Ҳукумат иш услуби ҳам тубдан ўзгариши, энг аввало, вазирлик ва идоралар сони ҳозирги 61 тадан 28 тагача камайтирилиши белгиланди.
Давлатимиз раҳбарининг бугун эълон қилинган “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бунинг амалий ифодаси бўлди.
Фармон билан давлат органларининг соҳага оид бўлмаган вазифаларини қисқартириш ва фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали уларнинг тузилмаси ўртача 15 фоизга мақбуллаштирилди. Шунингдек, 26 та давлат органлари ва ташкилотларида 40 та раҳбар ўринбосарлари лавозимлари қисқартирилди.
Албатта, фармон жуда кенг миқёсли бўлиб Ҳукумат тузилмасига алоқадор муҳим ўзгаришлар ҳам назарда тутилган. Адлия вазирлигига ҳам қатор вазифалар юклатилди. Булар ҳақида ҳали батафсил шарҳлар берамиз.
Юқорида вазирликлар сонини ихчамлаштириш бўйича айтилган фикрларнинг амалий исботини эса айтиб ўтмасак бўлмайди. Демак, 2023 йил 1 январдан бошлаб мустақил фаолият юритувчи республика ижро этувчи ҳокимият органларининг сони 61 тадан 28 тагача, шу жумладан, вазирликлар сони 25 тадан 21 тагача қисқартирилди.
Эндиликда фақат Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги; Иқтисодиёт ва молия вазирлиги; Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги; Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги; Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги; Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги; Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги; Табиат ресурслари вазирлиги; Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги; Қишлоқ хўжалиги вазирлиги; Сув хўжалиги вазирлиги; Рақамли технологиялар вазирлиги; Адлия вазирлиги; Транспорт вазирлиги; Маданият ва туризм вазирлиги; Мудофаа вазирлиги; Энергетика вазирлиги; Соғлиқни сақлаш вазирлиги; Ташқи ишлар вазирлиги; Ички ишлар вазирлиги; Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фаолият юритади.
Юқорида айтиб ўтилганидек, мазкур фармон ва унинг ижроси бўйича қабул қилинган қарор моҳиятини аҳолига етказиш, ижроси билан боғлиқ масалаларда чиқишлар қилишни давом этирамиз.
Норгул Абдураимова, ЎзА