Адлия фаолияти сарҳисоб қилинди
Тошкент вилоят адлия бошқармаси томонидан жорий йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. Унда соҳа мутахассислари томонидан ҳудудда амалга оширилаётган ишлар хусусида атрофлича ахборот берди.
Анжуманда Тошкент вилояти адлия бошқармаси ва унинг туман-шаҳар бўлимлари томонидан ҳисобот даврида келиб тушган 2 минг 466 та мурожаатнинг 94,4 фоизи ҳал қилинди.
Жойларда 358 та мониторинг ва 79 та ўрганиш ўтказилиб, аниқланган жами 4 минг 540 та қонунбузарлик ҳолатларини бартараф қилиш бўйича тегишли ташкилотларга тақдимнома, судларга жами 11 миллиард сўмлик даъво аризалари киритилди. Ҳуқуқбузарларга нисбатан 94 та маъмурий материаллар расмийлаштирилди.

– Адлия органлари томонидан “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун ижроси доимий равишда назорат қилиб борилмоқда. Хусусан, “Эътироф” автоматлаштирилган тизимига киритилган маълумотларга кўра, жорий йилнинг 7 апрель куни ҳолатига Қонун ижроси юзасидан вилоят бўйича 139 мингдан ортиқ кўчмас мулк объектлари хатловдан ўтказилди. Шундан қонун татбиқ этиладиган 46 мингдан ортиқ объектларнинг электрон йиғмажилд ҳужжатлари тайёрланиб ахборот тизимига жойлаштирилган, – дейди Тошкент вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Икром Бекниёзов
Адлия бошқармаси томонидан 3 минг 515 та объектларга нисбатан ижобий хулосалар берилган бўлиб, шундан 3 минг 142 тасига нисбатан Тошкент вилояти Халқ депутатлари Кенгашининг қарорлари билан ҳуқуқлар эътироф этилган.

Тошкент вилоятида “Е-қарор” электрон тизими ишга тушгандан буён 86 минг 85 та ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, шундан 44 минг 253 та ҳоким қарорлари, 29 минг 562 та ҳоким фармойиши ва 12 минг 270 таси Кенгаш қарорларидан иборатдир. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 92 та қарор лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди.
Матбуот анжуманида мутахассислар томонидан давлат хизматлари йўналишида чекка ва олис ҳудудлар аҳолисига 30 минг 465 та сайёр давлат хизматлари кўрсатилгани таъкидланди. Шу билан бирга, давлат хизматлари марказларига бир кунда ўртача 270 нафардан ортиқ жисмоний ва юридик шахслар вакиллари келади ва уларга сифатли хизматлар кўрсатилмоқда.


2026 йил биринчи чораги давомида Тошкент вилоят ҳудудида жойлашган бозорлар, савдо нуқталари ва дорихоналарда профилактик кузатув тадбирлари, шунингдек, туманларда товар (хизмат кўрсатиш) белгиларидан қонунга хилоф фойдаланилганлиги ҳолати бўйича 6 дан ортиқ профилактик кузатув тадбирлари олиб борилиб, 4 та ҳолатда контрафакт маҳсулотлари аниқланди. Мазкур тадбирлар ҳамда мурожаатлар асосида ўтказилган текширишлар юзасидан жами 5 та тақдимнома, 7 та огоҳнома, 3 та маъмурий баённома таъсир чораси қўллаш орқали ҳимояланган объектлар ҳуқуқлари тикланди.
А.Мусаев,ЎзА