Давлатимиз раҳбарининг Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир, адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантиришга оид қарор ва фармонлари ижроси қандай бажарилмоқда?
Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Қиличев АОКАда ўтказилган брифингда шу каби саволларга жавоб берди:
– Адлия вазирлиги ва унинг тизимларида аҳолининг ҳуқуқий ҳимояси ва манфаатларига хизмат қиладиган ишлар изчил давом эттирилмоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида 408 норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, ташаббус билан 77 ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 33 тага кўп лойиҳа ишлаб чиқилди.
Давлат хизматлари марказлари орқали 28 янги хизмат турлари жорий қилиниб, уларнинг жами сони 437 тага етказилди. 122 та хизмат тартиб-таомил, 30 та хизмат “3 қадам” ва “фойдаланувчи учун мослаштирилган” тамойил асосида соддалаштирилди. 6 миллиондан зиёд (2024 йилда 4,3 миллион) давлат хизмати кўрсатилди.
“Адлия маҳалла” ва “Онлайн маҳалла” платформаси орқали аҳолининг 635 мингдан ортиқ ҳуқуқий муаммолари қабул қилиниб, шундан 320 мингдан ёки 50 фоиздан ортиғи ҳал этилди. 166 минг фуқарога бирламчи бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, 15 мингдан ортиқ процессуал ҳужжат лойиҳалари тайёрлаб берилди.
Жойларда 355 мингдан зиёд ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди. Келиб тушган 43 мингта мурожаатнинг 77 фоизи қонуний ҳал этилди.
Юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан 21 мингдан ортиқ давлат ташкилотининг 2,4 миллиондан зиёд ҳужжат лойиҳасига, 2024 йилга нисбатан 700 мингтага ёки 41 фоизга кўп ҳуқуқий хулоса берилди. Ҳуқуқий хулоса бериш вақти қарийб 3 бараварга тезлашди.
Вазирлик ташаббуси билан сунъий интеллект асосида давлат хизматлари масалаларига жавоб топишга кўмаклашадиган «Одил» чат-боти ишга туширилди.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими (loyiha.adliya.uz)да тартибга солиш таъсирини баҳолаш модули яратилди.
Ҳуқуқий ахборотни етказиш рақамлаштирилиб, барча қонунчилик ҳужжатларини жойлардаги раҳбарлар ва масъулларнинг шахсан танишиши учун Ягона ҳуқуқий ахборот алмашиш тизими Идоралараро ҳужжат айланиш (edo.ijro.uz) тизимига интеграция қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА