Мамлакатимизда пара спорт турларини ривожлантириш, имконияти чекланган аҳоли вакилларини соғлом турмуш тарзига кенг жалб этишга етарли шарт-шароитлар яратиш, матонатли спортчилар сафини кенгайтириш борасида муҳим дастурлар қабул қилиниб, уларнинг ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мазкур саъйи-ҳаракатлардан келиб чиқиб, Спорт вазирлиги томонидан адаптив спорт турлари, жумладан, паралимпия, сурдлимпия, махсус олимпиада ва кўзи ожизлар спорт турлари реестри ва унинг тармоқлари тасдиқланди.
Мазкур спорт турлари давлат спорт таълим муассасалари, спорт мактаблари, ихтисослаштирилган махсус мактаб-интернатлари, нодавлат ташкилотлар спорт клублари базасида ривожлантирилади.
Шу билан бирга, ушбу спорт турлари бўйича машғулотларга жалб этилган спортчилар ва уларнинг тренерлари ҳақидаги барча маълумотлар ERP спорт ягона электрон бошқарув тизими орқали рўйхатга олиниб, марказлаштирилган ҳолда юритилиши белгиланди.
Бу, пара спорт турлари бўйича селекция ишларини олиб бориш, маҳоратли пара спортчиларнинг фаолиятини тизимли мониторинг қилиш, таълим ва тайёргарлик жараёнини рақамлаштириш ҳамда адаптив спорт турларини янада самарали ва шаффоф ривожлантириш имконини яратиши билан аҳамиятлидир.
Т.Рўзиев, ЎзА