Адабиёт боғи ва танқид масъулияти
Шоир Турсун Али билан адабий гурунг.Кейинги йилларда юртимизда маънавият, ижтимоий соҳа ривожига, бадиий адабиётнинг тараққиётига катта эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан бу борада бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилингани фикримизнинг яққол далилидир.
ЎзА мухбири таниқли шоир Турсун Али билан бугунги кун адабиёти, ижодий жараён ва айрим муаммолар хусусида гурунглашди. Қуйида суҳбат мазмуни билан танишасиз.
— Гурунгга таклиф этганингиздан миннатдорман. Ижодкорларнинг бир-бирлари билан суҳбатлар уюштириши, қизғин баҳсга киришишлари, ўзаро фикр алмашуви адабиёт ривожига беқиёс ҳисса қўшиши табиий. Шу боисдан ижодий жараён, истеъдод, истеъдодсизлик, бадиият, асар қадри ва ижодкор нуфузи сингари кўпдан-кўп муаммолар хусусида ҳам бироз гурунглашсак дегандим. Аввало шуни таъкидлашни истар эдимки, ижод аҳлига ҳукумат даражасида эътибор берилаётганидан, адабиёт қадрланадиган юртда яшаётганимиздан ниҳоятда хурсанд бўлишимиз керак. Тўғри, ҳеч ким бой бўлиш, моддий аҳволини яхшилаш учун асар ёзмайди. Аммо ижодкор ҳам инсон. У ҳам тузукроқ яшагиси, меҳнати қадрланишини истайди. Газета-журналларда босилаётган адабий асарлар учун гоҳида арзимас чойчақа-гонорар берилмаслиги алам қилмайдими? Масалан, мен бир ой қаттиқ меҳнат қилиб ёзган адабий-танқидий мақоламга бир тийин ҳам пул олмайман. Сиз-чи, нашриётларда қалам ҳақи берилмаётганидан хафа эмасмисиз? Шу билан бирга айрим нашриёт, саноқли газета ҳамда журналлардагина эълон қилинган адабий, публицистик мақолалар ва насрий асарлар учун гонорар берилаётганлигидан хурсандмисиз?
– Ижодкорларга ҳукумат даражасида эътибор қаратилганидан бошимиз осмонга етди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевдан миннатдорман.
Китоб мутолаасига эътибор кучайса, биринчидан, халқимизнинг саводи ошади, маънавияти бойийди, фикр-мулоҳазалари теранлашади. Иккинчидан, китоб адади табиий равишда ортади. Қанчалик адади ошса, нархи арзонлашади. Китобнинг адади кўпайган сари нашриёт ва босмахоналарнинг иқтисоди юксалади, ўз-ўзидан муаллифнинг қалам ҳақи ошади, албатта. Ҳа, бекорга жойларда кутубхоналарни қайта тиклашга, янги китоб дўконлари очилишига даъват этилмаяпти. Мутолаанинг жонланиши учун мамлакатимизнинг барча мактаб, техникум ва олий ўқув юртларида ўқувчи, талабаларга китобга қизиқиш уйғотилса, устоз ва адабиёт ўқитувчилари томонидан уларнинг қандай бадиий асарлар ўқиётганлари ҳар доим сўраб турилса, мақсадга мувофиқ бўларди, деб ўйлайман.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда китобхонлик борасидаги саъй-ҳаракатлар жонланди. Ҳатто энг кўп китоб ўқиган ёшларга автомашина совға қилинди. Бироқ шунда ҳам, ҳали... Мен катта-кичик ёзувчи ва шоирлар орасида тез-тез бўлиб тураман. Ҳатто ижодкорлар сафида ҳам китоб мутолаасига етарли эътибор бермайдиганлар бор. Баъзилари илгаригидек бир-бирининг асарларини ўқишмайди. Зотан, мутолаа ижодкорнинг бадиий дидини юксалтиради, янги-янги изланишларга чорлайди.
Бугунги ёзувчи ва шоирлар эртанги кун учун йўл очувчидир. Биз уларнинг асарларини ўқийлик, тинглайлик. Қандай адабиёт ичида яшаётганимизни англайлик. Керак бўлса, ижодкор билан баҳслашайлик...
Айрим мисоллар келтирмоқчиман. Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Исажон Султоннинг “Ҳазрати Хизр изидан”, Қўчқор Норқобилнинг “Бу ерларда ҳаёт бошқача”, Луқмон Бўрихоннинг “Титраётган тоғ”, Абдуқаюм Йўлдошнинг “Осмон оғуши” номли китобларининг тақдимоти бўлиб ўтган эди. Тақдимотда адабиётшунос олимлар, ноширлар, китобхонлар сўзга чиқиб, муаллифларни мақташ билан чекланиб, чоп этилган асарлар таҳлили ҳақида дадил фикр-мулоҳаза билдирмадилар. Наҳотки адабиётшунослар янги китобни ўқимаган бўлса? Дарвоқе, Асқад Мухтор айтганидек, ёзувчи саёз жойда чўкади.
Жовли ака, яна бир саволингизга Квентин Криспнинг қарашларидан фойдалансам: “Ёзувчи бўлиш учун учта сабаб бор. Биринчиси – сизга пул керак, иккинчиси – дунёга нимадир муҳим гап айтмоқчисиз, учинчиси – узун қиш кечаларида нима қилишни билмаяпсиз.” Ана энди ҳақиқий ижодкор бўлсангиз, узун кечалар мижжа қоқмай ижод қиласиз. Қалбингиз алғов-далғов бўлиб, нималарнидир қоралайсиз. Сўнгра қўлёзмани нашриётга топширасиз. Китобингиз чиқса суйинасиз, қалам ҳақи олсангиз дилингиз тонгдек ёришади.
Тўғрисини айта қолай, мен ҳам қалам ҳақи ҳамда кўнглимни бўшатиш учун ёзаман. Шунданми, қўлёзмаларимни фақат давлат нашриётларига топшираман. Худога шукур, бугунги кунда ҳам озми-кўпми шартнома асосида қалам ҳақи олиб турибман. Бироқ уни жуда ҳам оз, деб сира нолимайман.
— Яна бир муаммо мени қизиқтиради. Абсурд, модерн, постмодерн каби йўналишлар ижод боғини сара гуллар билан безашга хизмат қилаётир. Шундай экан, янгиланаётган адабиёт ҳақида нима дейсиз?
– Шуни алоҳида таъкидлашни истар эдимки, ҳар соҳада янгиланиш, ривожланиш бўлаётганидек, адабиётимизда ҳам сиз айтгандек ижод боғини абсурд, модерн, постмодерн йўналишидаги сара асарлар гуллардек безаб турибди. Ахир, адабиёт боғининг гуллари ранг-баранг бўлсагина кўзлар яйрайди, руҳ юксалиб, тафаккур кенгликлари тобора бепоёнлашади. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, модерн ҳар бир миллатнинг ўзига хосликларини акс эттиради. Зотан, қадим адабиётимизнинг тупроғимиз қаърига сингиган илдизлари бор. Шундоқ экан, яратаётган асарларимизнинг илдизлари бўлсагина яшнайди, тобора гуркирайди, мевалари тотли бўлади. Буюк Навоий асарларидан сув симириб, янгиланган адабиёт халқимизга ҳам, дунё халқларига ҳам ўз тароватини бахш этади.
— Менинг назаримда, бугунги ўзбек адабиёти ривожини жаҳон адабиёти таъсири ёхуд қардош халқлар адабий алоқаларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, Қозоғистон, Россия давлатлари билан ижтимоий-маданий, санъат ва адабиёт соҳасидаги алоқа ришталари тобора мустаҳкам бўлиб бораётганлиги қувонарли ҳол. Илгари Ғафур Ғулом, Ойбек, Миртемир, Одил Ёқубов сингари ўнлаб адибларнинг рус, қозоқ, тожик, қирғиз, туркман шоир ва адиблари билан қадрдон дўст бўлганлари сир эмас. Бугунги кунда бу борада қандай хайрли ишлар амалга оширилмоқда?
– Жуда ўринли савол. Анча йиллардан бери қўшни мамлакатлар билан қўшничилигимиз эшиклари қия бўлиб қолган эди. Президентимиз кўп соҳа вакиллари қатори, адабиёт ва санъатимизнинг бир қатор намояндалари билан Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон каби қўшни мамлакатларга бориб, бугунги кунда дарвозаларни барчага, жумладан, ижодкорларга ҳам очиб юборди.
Юртимизда бўлиб ўтган “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро конференция туфайли кўплаб хорижий мамлакатлар ҳамда ҳамдўстлик давлатларидан ташриф буюрган таржимон, ижодкор, ношир ва олимлар иштирокида ўтган тадбирлар адабий алоқаларимизнинг яққол далилидир. Қолаверса, мамлакатимизда ва чет элларда ташкил этилган йиғинларда бир гуруҳ ижодкорларнинг иштироки адабий алоқаларга бўлган юксак эътибор натижаси ҳисобланади.
— Яна бир муаммо ҳамон долзарблигича қолмоқда. Сизга яхши аёнки, адабиёт ривожини адабий танқидсиз тасаввур этиб бўлмайди. Аммо бугунги кундаги аҳвол сизни қаноатлантирадими? Бир неча йил аввал адабиётшунос Раҳмон Қўчқорнинг мулоҳазаларини “Шарқ юлдузи”да ўқиган эдим: “Бугунги адабий танқиднинг нигоҳида ёлқин, ҳамласида шиддат, ҳаракатида жўшқинлик кўп ҳам сезилмайди. Адабиёт танасидаги яраларни узиб ташлайдиган тишлар лиқиллаб, касал илдизларни суғуриб оладиган тирноқлар кўчиб қолган. Бугун худди ҳар бир қўшиқчининг ёнида ўзининг продюсери, даллоли бўлгани сингари кўпчилик ёзувчи-шоирларнинг ҳам ҳамтовоқ талқинчилари, “адабиётшунос”лари бўлиши кутиладиган ҳолга айланган. Холис, самимий, куйинчак таҳлилу талқин ўрнини “шишадошни қўллаб юбориш”, “кейинги йил унвонга илинтириб қолиш” истаги, “бир ердан эканлигини унутмаслик масъулияти”, “нариги гуруҳдагилар ҳужумига қолдирмаслик”дек сергаклик сифатлари эгалламоқда”. Бу каби таъналарга, кескин фикрларга самимий, ҳақиқатгўй шоир сифатида қандай муносабат билдирган бўлур эдингиз? Наҳотки аҳвол ташвишли?
– Жовли ака, адабиётшунос Раҳмон Қўчқорнинг фикрларига юз фоиз қўшиламан. Чиндан ҳам бугун адабиётимизда танқидчи бору, танқид йўқдек. Шундан “юмалоқ-ёстиқ” заиф асарлар адабиётимиз боғларида ёввойи ўтлардек кўпайиб бораётир. Бу ўтлардан тозалаш муҳтарам адабиётшунос, қадрли танқидчиларнинг зиммасидаги юк.
Адабиётимиз мисоли улкан боғ бўлса, унда шоир, ёзувчи, олиму адабиётшунослар, хуллас, барча адабиёт аҳли бир давра атрофида жамулжам. Бир-бири билан баҳслаша олиш имкониятига эга. Узоққа бормай, ХIХ аср рус адабиётига назар ташласак, Некрасов, Белинскийлар адабиёт устида рўйи-рост баҳс-мунозаралар юритиб, заиф асарлар борасида кескин фикрлар билдиришган. Бўш асарларни тарғиб қилиш, қўллаб-қувватлаш адабий танқиднинг шўри. Ҳақиқий адабиётшунос манфаат дея ёлғон-ёшиқни ўзига эп кўрмайди.
Бир мисол келтирмоқчиман. Бир неча йиллар аввал юртимиздаги ягона адабиёт газетасида академик Наим Каримовнинг китобим ҳақидаги “Лаҳзалар суврати” мақоласи чоп этилган эди. Рости, материалдан бошим осмонга етди. Ахир Чўлпон, Ойбек ва бошқа улуғ устозлар ҳақида тадқиқотлар, мақолалар ёзган академик менинг кичкина ижодимга эътибор қаратгани... Мен газетани олиб, Наим Каримовнинг ишхонасига бордим. Хонада бир бўлак товуқ гўштию нон, чой билан тушлик қилаётган экан. Мен қуруқ борганимдан хижолат чекдим. Ниҳоятда камтар инсон эдилар.
– Янги шеърият бўйича ҳам фикр айтиш вазифамиз, – деди академик.
Наим Каримов оламдан ўтиб кетди. Аммо бугунги кунда ҳам фидойи адабиётшунослар оз эмас. Олимжон Давлатов, Йўлдош Солижонов, Қозоқбой Йўлдошев, Шуҳрат Сирожиддинов, Низомиддин Маҳмудов, Сувон Мели, Ҳамидулла Болтабоев, Баҳодир Карим, Нурбой Жабборов, Ислом Ёқубов, Абдулла Улуғов каби адабиётшунос олимларимиз борлиги кишини қувонтиради. Улар янада фаолроқ бўлишларини истар эдим.
— Энди таржима хусусида ҳам гурунглашсак. Тўғри, таржима – санъат. Уни амалга ошириш учун фақат ўзга тилни билишнинг ўзи кифоя қилмайди. Аввало, бирор шеърни ўзбек тилига ўгираётган шоирнинг ўзида ҳам истеъдод бўлиши зарур. Гапнинг очиғи, айрим таржима намуналарини ўқиб: “Бундай шеърларни мен ҳам бемалол ёзишим мумкин-ку”, деган хаёллар гирдобида қолиб кетасан, киши. Таржималарнинг аксарияти шошма-шошарлик билан, таржимонлик талабларини писанд қилмасдан амалга оширилаётганлиги хусусидаги эътирозларга қандай қарайсиз?
– Гапларингиз рост. Таржимага киришган киши авваламбор матнни обдон тушуниб, асар мазмунини кўнглига жо этгач, муаллиф руҳига кира олсагина таржимага киришиши керак. Шеър таржимаси янада оғир, ҳар ижодкорнинг ўз мусиқаси, оҳанги, нафаси бор. Шуларни топса, шеърий санъатни қойиллатса, чинакам таржимага эришади. Шунда ҳам матн каби тўла-тўкис чиқмайди. Ҳаттоки биз Пушкиннинг Миртемир, Рамз Бобожон, Асқад Мухтор каби етук шоирларимиз томонидан ўгирилган шеърларини севиб ўқисак-да, Пушкин асарларини аслиятда ўқиганимиздаги лаззатни туймаймиз. Менинг наздимда, ҳеч бир таржимон аслидагидек таржима қилолмайди. Хуллас, ҳар бир ижодкорнинг асл овози таржима қилинмай қолаверади. Шунинг учун яхши асарни ўз ҳолида ўқиганимиз ўринли. Бироқ адабиётимизнинг ранг-баранг бўлиши учун таржима асарлар сувдек зарур.
— Фикрларингизга мен ҳам қўшиламан. Таржимадек машаққатли юмушга қўл уришга ҳамма ҳам ботинавермайди. Сиз Осип Мандельштам, Иван Бунин каби буюк ижодкорлар асарларини таржима қилгансиз. Айтинг-чи, уларнинг шеърларидаги юксак пафос, беқиёс бадиийлик ва оригиналлик оригиналдаги каби сақланиб қолган, дея оласизми?
– Саволингизга жавоб тариқасида таржимонлик фаолиятимга тўхталиб ўтмоқчиман. Мен баҳоли қудрат кўнглимга ўтирган шоирлар шеърларидан олган завқдан узоқ таъсирланиб юраман. Қачонки шеърий кайфиятим етилса, таржимага киришаман. Иван Бунинни “Жаҳон адабиёти” журналидан таржима қилишимни сўрашганида, унинг шеърлари билан танишиб, сўзлар жуда қадимий, оғир эканлигига гувоҳ бўлганман. Шундай бўлса-да, шоирнинг дастлабки шеърларини ўзбек тилига ўгиришга интилдим.
Ўзим насрий асарлар ёзаётган бўлсам-да, шеъриятга ҳам қизиқаман. Улуғбек Ҳамдамнинг “Инсон” деб номланган достонини “Тафаккур” журналида ўқиб, ҳайратим ошганди: бир вақтлар Эркин Воҳидов “Руҳлар исёни”, Муҳаммад Али “Машраб”, Омон Матжон “Гаплашадиган вақтлар” каби достонлар яратиб, бу жанр умрининг узайишига улуш қўшган эдилар. Улуғбек Ҳамдам “достонлар давр синовига дош беролмади, китобхон бу жанрга деярли эҳтиёж сезмай қўйди”, деган гаплар ёлғон эканини исботлади.
“Кўл”, “Тақдир кенгликлари” достонларингизни ўқиб, эҳтимол ҳали ваҳима қилишга эртадир, деган ҳадик кўнглим кўчасини оралаб ўтди. Сизнинг фикрингиз қандай, гоҳида бундай нохуш ўйлар гирдобида қолишимизга сабаб номи достону аслида эҳтироссиз сўзлар уюмидан иборат савияси ҳаминқадар достонлар ёки шеърий романлар урчиб кетаётганлигидан эмасмикин?
– Шуни алоҳида қайд этишни истар эдимки, адабиётда достоннинг ҳам ўз ўрни бор. Навоий достонларидан тортиб, то бугунгача ёзилганларини эсласак, адоғига етиб бўлмайди. Ҳатто халқ бахшиларининг достонлари ҳам сон-саноқсиз. Тўғри, давр янгиланаётганидек, достонлар ҳам янги бичим, янги либос кияётир. Кимларгадир бу эриш туйилиши мумкин. Лекин янги руҳ, янги овоз қалбга сингиши қийин. Бироқ достончилик кўҳна дарахтдай тобора куртак ёзиб бораверади.
Мен эса Улуғбек Ҳамдамнинг “Инсон” деб номланган достонини ўқиб, бироз очиқроқ, бадиий либоси юпунроқ, деган фикр кўнглимдан кечди. Бироқ ўқувчи диққатини тортадиган жозиб нимадир бор. Гапнинг очиғини айтганда, Маҳмуд Тоирнинг “Она”, Сирожиддин Рауфнинг “Видо” достонларини ўқиб кўнглим осмони ёришди. Ойдиннисонинг “Шарқ юлдузи” журналида эълон қилинган “Авф” шеърий асаридаги бадиият, фикр кенглиги мени қувонтирди. Ўзимнинг “Юраётган йўллар” достонимдан ҳам кўнглим тўлди.
— Улуғ шоирлардан бирининг гапи ёдимда қолган: “Шоирлар давраси тобора торайиб бормоқда, шу кетишда шеър эшитувчилар камайгандан-камайиб, шеърларимизни бир-биримизнинг қулоқларимизга ўқийдиган кунга етсак, сира ажаб эмас”. Маълум бўладики, юз йиллар илгари ҳам китобхон, мутолаа муаммоси буюк ижодкорларнинг юрагини зирқиратган. Лекин, ўйлашимча, умидсизликка берилиш ва хавотир шарпалари бугунги кундаям кезиб юрган бўлса-да, кейинги йилларда бу борада дадил қадамлар ташланди. Вилоят ва туман марказларида янги китоб дўконлари ишга тушганлиги, бугунги ёшлар насрий ҳамда шеърий асарлар мутолаасига муштоқлиги кўнгилга таскин беради. Яқинда вилоятларда бўлганимда Аҳмад Сувонқулов, Ойбек Ашуров, Шуҳрат Қаландаров, Шерхон Алламуродов, Шавкат Мамирқулов, Сайдулла Назиров, Илҳом Юсупов, Олим Эсонов, Баҳодир Ҳотамов, Комил Абдувоҳидов, Абдусамат Норқобилов, Беҳзод Тошпўлатов, Муҳиддин Тоғаев, Алламурод Мамаюсупов, Бахтиёр Хурсандов сингари китобни, маънавиятни қадрлайдиган кишилар хусусида илиқ, ижобий фикрлар эшитдим. Улар ўз соҳасини, маърифатни юксалтириш йўлида жонбозлик кўрсатмоқдалар. Сиз вилоятларда тез-тез бўлиб турасиз. Китоб мутолааси, китоб савдоси, кутубхоналар фаолияти қаноатланарли, деб бўладими?
– Ҳаётий тажрибадан шуни яхши биламанки, чинакам шоир шеърни ўзгалар учун эмас, ўзи учун, яъни кўнглини бўшатиш учун ёзади. Ҳақиқий шеър содир бўлади. Кимдир севиб ўртанганидан ёзса, кимдир нимадандир фарёд чекканидан ёзади. Яна кимдир қувончини, бахтини тараннум этади. Хуллас, шеър мангуликка дахлдор бепоён олам. Унинг адоғига етиб бўлмайди. Таниқли фаранг шоири Бодлерни ўз даврида тан олишмаган. Ўлимидан сўнг анча вақт ўтиб ижоди нафақат Франция, балки бутун дунё адабиёт аҳлини лол қолдирган.
Гапнинг очиғини айтганда, мутолаа кейинги йилларда юртимизда ва умуман халқимиз орасида анча сусайган эди. Бугунги кунда мутолаа боғчадан бошланганлиги, мактаб ва олий ўқув юртларида китоб мутолаасига жиддий эътибор берилаётгани мақсадга мувофиқдир. Қолаверса, китобхонларни етарлича моддий ва маънавий рағбатлантириш давлат эътиборида эканлиги қувонарли ҳолдир. Мамлакатимизнинг қайси вилояти, туманида бўлманг, китоб дўконлари ва замонавий кутубхоналар бунёд этилаётир. Китобхонлик кучайса, китоб ададлари ҳам, қалам ҳақи ҳам ўз-ўзидан ҳал бўлиши тайин. Бироқ бу борадаги ишларни қониқарли деб бўлмайди. Ҳали олдинда қилинадиган ишлар кўп.
— Ижодингизни кўп йиллардан бери кузатиб келаяпман. “Сайланма”нгизни, “Гуллаётган юрак”, “Қор шуъласи”, “Қуш пати”, “Сокин ҳайқириқ”, “Лаҳзалар суврати” каби китобларингизни ўқидим. Шеърларингизда рамзийлик, символ, ташбеҳлар устувор. Айрим адабиётшунослар шеърни, хусусан, сизнинг асарларингизни турлича талқин қилишади.
– Адабий танқидсиз адабиёт ўлимга маҳкум. Адабиётни камолот сари адабиётшунос олимлар етаклайди. Шу маънода, одил, ҳаққоний танқид ижодкор қаламини чархлайди. Баъзилари менга “шеърни сир-синоатга кўмиб ташламанг-да” деган гапларни айтишган. Ҳолбуки, шеърият – сирли олам. Шеърни адабиётшунос ўзига хос тарзда таҳлил қилади, шеърхон ўзига маъқул тарзда қабул қилади. Бундан ажабланадиган жойи йўқ. Зеро, шеър – кайфият маҳсули. Шундоқ экан, гоҳида инсон руҳияти турлича ҳолатда бўлиши табиий.
— Ўзбекнинг ўзига хос менталитети бор. Шу боисдан бўлса керак, ҳамма ҳам көнглидаги гапни очиқ-ошкор айтавермайди. Бултурмиди, бир таниқли адабиётшуносга: “Китобингиз бўш шеърлардан иборат экан, бу асарлар сизнинг ижодкор сифатидаги нуфузингизга путур етказади”, дея юз-хотир қилмасдан гапирган эдингиз. Не афсуски, бугунги шоирларнинг баъзилари ҳамкасбларининг шеърларини деярли ўқимайди. Бунинг устига жўяли фикр билдиришни эп билишмайди. Сиз эса... “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида қуйидагича иқрору мулоҳазаларингизни ўқиган эдим: “«Ёшлик баёзи» ҳақида атоқли адабиётшунос Озод Шарофиддиновнинг «Гулистон» журналида мақоласи босилди. Унда менинг бир шеърим ҳақида устоз: «Қофияси яхши, вазни жойида, бироқ шеърда янгилик йўқ», деб ёзган эди. Биринчи ва иккинчи китобчаларим ҳам мунаққидлар томонидан танқид қилинди. Шундан кейин узоқ вақт шеър машқ қилмай қўйдим. Бироқ изланишни тўхтатганим йўқ, устозларнинг этагидан тутиб, шеъриятнинг сир-асрорларини ўрганишга интилдим. Айниқса, устозларнинг йўл-йўриқлари жаҳон адабиёти тажрибаларига эътиборимни тортгани мен учун фойдали бўлди”. Бундай эътирофни мард инсонгина изҳор қила олади. Демак, яхши шоир бўлиш учун истеъдоддан ташқари юксак инсоний фазилатлар жуда зарур экан-да.
– Отам содда, кўнгилчан инсон эди. Бировларнинг иши тушиб отамга мурожаат қилганда “йўқ” деб айтолмагани туфайли, кимнингдир ишини бажаролган, кимникинидир бажаролмай “ёлғончи” лақабини олган. Мен отамнинг бу соддалигу кўнгилчанлигини қабул қилолмай улғайдим. Шу сабабли ёлғончи бўлмасликка, рўй-рост гаплашишга ўрганганман. Ноҳақликка чидолмайман.
Айниқса, адабиёт, шеърият борасида ёлғон гапирмаслик ва ёлғон ёзмаслик керак. Каттами-кичикми, ижодкор дўст-биродарларимнинг ижодини кузатиб, кўнглимдаги гапни юз-хотир демасдан гапиравераман. Баъзи дўстларим хафа бўлишади, айримлари тан олишади. Бироқ нима бўлишидан қатъий назар, адабиётда ёлғон гапирмаслигимиз керак.
Суҳбатни ЎзА мухбири Жовли Хушбоқов ёзиб олди.