Мамлакатимизда қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Кун сайин янги кўп қаватли бинолар қад ростламоқда, уларнинг ишончлилиги, чидамлилиги ва узоқ йиллар хизмат қилиши эса бинонинг мустаҳкамлигига боғлиқ. Шу сабабли уларни қуришда юқори сифатли қурилиш материаллардан фойдаланиш зарур. Қурилишда жумладан, металл прокати - арматуранинг алоҳида аҳамияти кат та.
Амалда сотувда бўлган арматуралар сифати белгиланган стандарт ва техник шартларга жавоб берадими?
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан арматуранинг механик хусусиятлари ва кимёвий таркиби сифатини аниқлаш мақсадида экспертиза ўтказилди.
1-БОСҚИЧ – ТАНЛАБ ХАРИД ҚИЛИШ
Синов учун қуйидаги намуналар харид қилинди:
1. А400 классидаги 12 мм. диаметрли арматура намунаси “DIMAX sanoat-savdo koʼrgazma biznes markazi” МЧЖ (Тошкент шаҳри, Назарбек темир бозори) савдо мажмуасидан. “AKRIL металл прокати»га тегишли;
2. А400 классидаги 16 мм. диаметрли арматура намунаси “METALL CENTER” МЧЖ (Тошкент шаҳри, «Изза» темир бозори) савдо мажмуасидан. “Wang Da Group” МЧЖ ҚКга тегишли;
3. А400 классидаги 12 мм. диаметрли арматура намунаси, «Жўрабек Омад барака» МЧЖ (Тошкент шаҳри, Изза темир бозори) савдо мажмуасидан. “WANGDA METAL” МЧЖ ҚКга тегишли.
4. А400 классидаги 8 мм. диаметрли арматура намунаси, “TECHNOBUSINESS LUX” МЧЖга қарашли савдо растасидан (Сирдарё вилояти) BAO XIN METALL МЧЖга тегишли.
2- БОСҚИЧ – ЭКСПEРТИЗА
Танланган синов намуналари аккредитациядан ўтган лаборатория мутахассислари томонидан «Темир-бетон конструкциялари учун арматура», «Металлургия маҳсулотлари хавфсизлиги тўғрисида»ги умумий техник регламенти учун», «Қурилишда ишлатиладиган қора металлардан металлургия маҳсулотлари хавфсизлиги тўғрисида»ги махсус техник регламентнинг ГОСТ 34028-2016 талабларига мувофиқлиги текширилди.
3- БОСҚИЧ — СИНОВ НАТИЖАЛАРИ
Кутилган таҳлил натижалари ачинарли бўлиб, стандарт талабларига номувофиқлигини кўрсатди. Яъни Металл прокати - арматура намуналари механик ҳамда кимёвий хоссалари белгиланган меъёрларга жавоб бермади. Бунда айниқса, кичик корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган, қурилиш мақсадларида ишлатиладиган металл прокатида аниқланган камчиликлари кўплаб қурилиш сифати ва хавфсизлигига катта зарар етказмоқда. Зеро, қурувчилар томонидан қад ростлаган ва фойдаланишга топширилган кўп қаватли уй ва иншоотлар ўнлаб йиллар давомида мустаҳкам ҳамда хавфсиз маскан бўлиб хизмат қилиши керак. Шуни таъкидлаш лозимки, айрим ҳолларда корхоналар ўз маҳсулотларини мувофиқлик сертификатисиз сотаётган ҳолатлар ҳам бор.
Агентлик хавфсизлик ва сифат талабларига жавоб бермайдиган арматураларни сотишни тақиқлаш масаласини кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигига, шунингдек вазирлик ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекциясига тегишли маълумотларни юборди. стандартлар. Инспекция томонидан юқорида кўрсатилган талабларга жавоб бермайдиган металл буюмлардан қурилиш объектларида фойдаланишни тақиқлаш тўғрисида буйруқ чиқарилди. Агентлик томонидан бу йўналишдаги ўрганишлар давом эттирилмоқда.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА