Абу Али ибн Сино меросига бағишланган замонавий музей бунёд этилади
Буюк аллома, жаҳон илм-фани тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган Абу Али ибн Синонинг бой илмий меросини ўрганиш, уни замонавий воситалар орқали кенг тарғиб этиш ва халқаро миқёсда оммалаштириш Бухоронинг туристик жозибадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, аллома номини дунёга танитган заминда унинг ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган замонавий музей барпо этилиши нафақат маданий меросни асраб-авайлаш, балки илм-фан ва маърифат туризмини ривожлантиришга ҳам хизмат қилади.
Шу мақсадда Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Шаҳриёров Россиянинг “Корпоратив музейлар устахонаси” компанияси директори Андрей Рибашов иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот аввалида хорижий меҳмонга Бухоронинг бой тарихий-маданий мероси, сайёҳлик имкониятлари ва туризм соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Суҳбат давомида ҳудуднинг тарихий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, уни янги лойиҳалар орқали халқаро туризм маконида янада кенгроқ намоён этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувнинг асосий мавзуси эса Абу Али ибн Сино меросига бағишланган замонавий музей концепцияси бўлди. Андрей Рибашов томонидан тақдим этилган лойиҳада буюк алломанинг ҳаёти, илмий изланишлари ва жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасини замонавий музей технологиялари асосида ёритиш назарда тутилган.
Хусусан, музейда тарихий, илмий ва иммерсив экспозиция зоналарини ташкил этиш, рақамли технологиялар ёрдамида ташриф буюрувчиларга Ибн Сино яшаган давр, унинг тиббиёт, фалсафа ва бошқа илм-фан йўналишларидаги кашфиётлари ҳақида интерактив маълумотлар тақдим этиш кўзда тутилмоқда. Бу эса музейни оддий тарихий экспонатлар жамланган маскан эмас, балки ташриф буюрувчи билим оладиган, кашф этадиган ва буюк аллома меросини чуқурроқ англайдиган замонавий маърифат марказига айлантириш имконини беради.
Музокараларда Бухорони Ибн Сино Ватани сифатида халқаро миқёсда тарғиб қилиш, бўлажак музейни мавжуд сайёҳлик йўналишларига киритиш, янги тематик турпакетлар ишлаб чиқиш ҳамда илмий-маърифий туризмни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Зеро, бугунги кунда туризм фақат тарихий обидаларни томоша қилиш билан чекланиб қолмаяпти. Сайёҳлар муайян ҳудуднинг тарихи, буюк шахслари, илмий ва маънавий қадриятлари билан яқиндан танишишга ҳам тобора кўпроқ қизиқмоқда. Шу нуқтаи назардан, Ибн Сино меросига бағишланган музей Бухоронинг туристик таклифларини бойитиш, сайёҳларнинг ҳудудда бўлиш муддатини узайтириш ва янги ташриф буюрувчилар оқимини шакллантиришга хизмат қилиши мумкин.
Бу ташаббус давлат раҳбари томонидан илгари сурилаётган миллий тарих ва маданий меросни асраб-авайлаш, буюк аждодларимизнинг илмий-маърифий меросини дунёга кенг тарғиб этиш ҳамда туризмни иқтисодиётнинг муҳим драйверларидан бирига айлантириш вазифалари билан ҳамоҳангдир.
Учрашув якунида музей концепциясини янада такомиллаштириш, замонавий музей технологияларини жорий этиш ва лойиҳани вилоят туризм инфратузилмаси билан уйғун ҳолда ривожлантириш бўйича фикр алмашилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири