Абитуриентлар рўйхатдан ўтишда ўз телефон рақамидан фойдаланиши кераклиги тавсия этилди
2026/2027 ўқув йили учун олий ва профессионал таълим муассасаларига қабул жараёнлари бошланган бир пайтда абитуриентлар учун муҳим огоҳлантириш эълон қилинди. Мутахассислар онлайн рўйхатдан ўтиш жараёнида шахсий маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида фақат ўз телефон рақамидан фойдаланишни тавсия этмоқда.
Маълум қилинишича, онлайн рўйхатдан ўтиш вақтида киритилган телефон рақами абитуриентнинг маълумотларини тасдиқлаш ва кейинчалик уларга ўзгартиш киритиш учун асосий восита ҳисобланади. Тизим томонидан юбориладиган SMS-код айнан шу рақам орқали тасдиқланади.
Шу боис, бошқа шахснинг телефон рақами орқали рўйхатдан ўтиш тавсия этилмайди. Чунки мазкур рақам эгаси абитуриентнинг шахсий кабинетига боғлиқ маълумотларга кириш ёки уларни ўзгартириш имкониятига эга бўлиши мумкин.
Масъуллар абитуриентларга ўз телефон рақамини ҳеч кимга бермаслик, хавфсиз ва осон эслаб қолинадиган парол танлаш ҳамда уни сир сақлашни маслаҳат бермоқда.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, қабул жараёнларида шахсий маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш ҳар бир абитуриентнинг масъулияти ҳисобланади. Шунинг учун рўйхатдан ўтишда эҳтиёткорлик ва диққатлилик муҳим аҳамият касб этади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА