Абдурауф Фитрат – миллий уйғониш даври адабиётининг етакчи сиймоларидан бири
Навоий давлат университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейида Абдурауф Фитрат таваллудининг 140 йиллигига бағишланиб, “Шарқ юлдузи” мавзусида тадбир ташкил этилди.
Юртимизда миллий ўзликни англаш, тарихий хотирани тиклаш ва буюк аждодлар меросини кенг тарғиб этиш борасида олиб борилаётган маърифий тадбирлар алоҳида аҳамият касб этмоқда. Университетнинг Тиллар факультетининг ўзбек тили ва адабиёти йўналиши профессор-ўқитувчилари, тьюторлари ҳамда талабалари иштирок этган учрашувда Фитратнинг серқирра ижодий мероси ва унинг миллий уйғониш давридаги ўрни ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Жумладан, “Абдурауф Фитрат – миллий уйғониш даври адабиётининг етакчи сиймоларидан бири”, “Фитратнинг илмий асарлари”, “Фитрат – драматург”, “Фитратнинг бадиий олами” каби мавзуларда мазмунли маърузалар тингланди. Маърузачилар томонидан Фитратнинг нафақат шоир ва ёзувчи, балки тилшунос, тарихчи ҳамда жамоат арбоби сифатидаги фаолияти алоҳида эътироф этилди.

– Музей экспонатлари орқали ўтган асрнинг 30-йилларидаги сиёсий таъқиблар, ноҳақ айбловлар ва юртимизнинг кўплаб зиёлилари қаторида Фитратнинг ҳам қатағон қурбонига айлангани ҳақида аниқ маълумотлар берилди, – дейди филология фанлари доктори, профессор Абдуҳамид Холмуродов. – Унинг илмий ва бадиий мероси узоқ йиллар давомида тақиқ остида бўлди. Бироқ истиқлол шарофати билан қайта тикланди. Фитрат меросини ўрганиш ва уни ёш авлодга етказиш ҳар бир зиёлининг бурчидир. Зеро, унинг бой илмий ва бадиий мероси бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Бундай маърифий тадбирлар ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг тарихий хотирасини мустаҳкамлаш ва миллий қадриятларга ҳурмат туйғусини шакллантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
А. Бўриев, ЎзА мухбири