Футбол бўйича Франция чемпионатида муваффақиятли ўйин кўрсатаётган ўзбек ўғлони – Абдуқодир Ҳусанов ҳақидаги қувончли хабарлар деярли ҳар куни янграмоқда.
Яна бир хабарда қайд этилишича, ёш футболчимиз "Ланс" клубида ўтган йилнинг энг яхши футболчиси, дея эътироф этилди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, Франция чемпионатини ёритиб келаётган нуфузли манба "le11hdf.fr" портали "Ланс" клубининг 2024 йилдаги энг яхши футболчиси номини эълон қилди.
Мазкур сўровномада портал ҳар ой овоз бериш йўли билан аниқланадиган энг яхши футболчилар ва ой лауреатларининг умумий кўрсаткичларини жамлаб, таҳлил қилган ҳолда йил футболчиси сўровномасига Абдуқодир Ҳусанов, Кевин Дансо ва дарвозабон Брис Самба номзодини қўйди.
Қувонарлиси, мухлисларнинг овоз бериш йўли билан ўтган ушбу сўровнома якунига кўра Абдуқодир Ҳусанов 77 фоиз овоз тўплаган ҳолда “Ланс” клубининг 2024 йилдаги энг яхши футболчисига айланди.
Шунингдек, Брис Самба 15 фоиз овоз билан иккинчи, Кевин Дансо 9 фоиз овоз жамғариб, учинчи ўриндан жой олди.
Дарвоқе, куни кеча футболчимиз айнан шу клубнинг декабрь ойидаги энг яхши футболчиси бўлган эди.
Маълумот ўрнида: Абдуқодир Ҳусанов аслида Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоаси тарбияланувчиси ҳисобланади. У футболдаги фаолиятини Беларусь олий лигасида “Энергетик-БГУ” клубида бошлаган ва 2023 йилда Франциянинг ўша пайтдаги вице-чемпиони “Ланс” жамоасига 100 минг евро эвазига трансфер қилинган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА