Абдумалик Халаков ярим финалда жанг қилади
Хитойнинг Гуйян шаҳрида ўтаётган “World Boxing” кубоги чорак финалида Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари муваффақиятли иштирок этмоқда. Мусобақанинг навбатдаги кунида бир қатор ҳамюртимиз ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.
Хитойнинг Гуйян шаҳри мезбонлик қилаётган бокс бўйича “World Boxing” кубоги баҳслари қизғин паллага кирди.
Жумладан, аёллар ўртасидаги -57 килограмм вазн тоифасида Нигина Ўктамова мусобақадаги иштирокини ишончли ғалаба билан бошлади. У илк босқичда бразилиялик Жессика Коутиньодан ҳар томонлама устун келиб, кейинги босқичга йўл олди. -60 килограмм вазн тоифасидаги Ситора Турдибекова эса венесуэлалик Крисанди Риосни 3:2 ҳисобида мағлуб этиб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.
Эркаклар ўртасида -50 килограмм вазнда баҳс олиб бораётган Асилбек Жалилов озарбайжонлик амалдаги жаҳон чемпиони Субҳан Мамедов устидан 3:2 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, вазни -60 килограмм бўлган Абдумалик Халаков АҚШ вакили Салим Эллис Бейга қарши кечган баҳсда 5:0 ҳисобида зафар қучди.
Афсуски, чорак финал жангларида Шавкатжон Болтаев ва Жавоҳир Абдураҳимов каби чарм қўлқоп усталаримиз ўз вазн тоифаларида мағлубиятга учради.
Мусобақанинг чорак финал баҳсларида яна уч нафар ҳамюртимиз рингга кўтарилади:
-51 кг: Феруза Казакова — Романе Моулаи (Франция)
-80 кг: Жавоҳир Умматалиев — Ҳуссеин Иашаиш (Иордания)
+90 кг: Арман Маханов — Данабике Байикевузи (Хитой)
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА