Хабарингиз бор, Қатарда U23 ёш тоифасида футбол бўйича Осиё кубоги баҳслари бўлиб ўтмоқда. Мазкур кубок жорий йилда Париж шаҳрида ўтказиладиган Олимпия ўйинларининг футбол мусобақасига йўлланма бериши билан ўзига хос ўринга эга.
Барчамизга маълумки, ушбу турнирда Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ҳам иштирок этмоқда ва футболчиларимиз эртага, 17 апрель куни гуруҳ босқичидаги илк учрашувларини ўтказади.
Биласизми, аслида U23 тоифасида ўтказиладиган мусобақа 2016 йилга қадар 22 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида ташкил этилган. Сўнгра, ОФК қарорига кўра, бу мусобақа Олимпия ўйинлари саралаш турнирига айлантирилди ва иштирокчилар ёши ҳам кўтарилди. Янги ёш тоифасида ташкил этилган қитъа кубогига 2016 йилнинг январь ойида Қатар мезбонлик қилди ҳамда илк маротаба тўрт йилликнинг энг нуфузли спорт тадбирига йўлланмалар ўйналди.
Ўша йилги мусобақани ўзбек футбол мухлислари ҳамон ёмон тушдек хотираларида сақлашлари табиий. Олимпия терма жамоамиз мазкур кубок баҳсларининг «C« гуруҳида Жанубий Корея, Ироқ ва Яман термаларига қарши ўйин ўтказиб, бор йўғи 3 очко тўплаган ҳолда гуруҳдан чиқолмаган эди. Бунинг натижасида эса «Рио-2016» Олимпиадаси йўлланмасидан қуруқ қолган эдик.
Орадан икки йил ўтиб, мамлакатимизда футболга қаратилган улкан эътибор ва шаффофлик тизими йўлга қўйилгани самарасида Хитойда ўтказилган Осиё чемпионатида Ўзбекистон U23 терма жамоаси қитъа чемпионига айланган бўлса, 2020 йили Таиланд мезбонлик қилган кубокда кучли тўртликдан ўрин олган. 2022 йили Тошкентда ташкиллаштирилган Осиё кубогида Ўзбекистон U23 терма жамоаси кумуш медал соҳибига айланган эди.
Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, U23 тоифасидаги терма жамоамиз ҳали бирор маротаба Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга кирита олганича йўқ. Аммо бу йилги Осиё кубогида футболчиларимиз шу йўлланма учун асосий даъвогарлардан биридир. Шунингдек, бу йилги мусобақада Тимур Кападзе шогирдларини ҳали ҳеч бир терма жамоа уддалай олмаган, яъни иккинчи марта Осиё кубоги соҳибига айланишдек тарихий воқеа кутмоқда.
Шу ўринда бу ёш тоифасидаги Осиё кубогида ҳозирча, Ўзбекистон, Ироқ, Япония, Жанубий Корея ва Саудия Арабистони терма жамоалари ғолиб бўлганини ёдингизга солмоқчиман.
Албатта, жамоамизнинг ушбу икки олий мақсади йўлида бардавом ҳаракат қилиши учун терма жамоа сафида етарли тажрибага эга футболчиларимиз ҳам бор. Шунингдек, жамоани бир қатор номдор футболчиларимиз ҳам тўлдирмоқда. Ҳозирга қадар Иброҳимхалил Йўлдошев ва Аббос Файзуллаев U23 Осиё кубоги мусобақасида иштирок этиши ойдинлашди. Фақатгина Абдуқодир Ҳусановнинг жамоамиз таркибига қўшилиши сўроқ остида турибди. Умид қиламизки, муҳим ўйинларга қадар метин ҳимоячимиз ҳам «Ланс» клубидан «жавоб» олади.
Бу йилги Осиё кубогининг қизиқарли маълумотларига назар ташлайдиган бўлсак, «Transfermarket« нашри хабарига кўра, мусобақанинг энг қиммат футболчилари орасида Аббосбек Файзуллаевга тенг келадигани йўқ. Унинг ҳозирги трансфер нархи 5 миллион еврони ташкил этмоқда ва у кубокнинг энг қиммат футболчисига айланган. Фақатгина унга Жанубий Корея термаси аъзоси Ян Хён Жун яқинлашиши мумкин. Унинг трансфер нархи 2 миллион еврога баҳоланган.
Шу ўринда, «Ланс» жамоаси Абдуқодир Ҳусановни терма жамоамиз ихтиёрига қўйиб юборса, ҳимоячимиз энг қиммат футболчилар учлигидан жой олиши шубҳасиз.
Умид қиламизки, Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг ёрқин ўйинлари ва ғолибона юришлари орқали бу каби қизиқарли ҳамда янгидан-янги фактлар Осиё кубогининг тарихидан жой олади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси 1-турни 17 апрель куни Малайзияга қарши ўтказади. Шунингдек, 20 апрелда Қувайт, 23 апрелда эса Вьетнам билан баҳс олиб боради.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзA